1

Осиё соҳил ўйинлари. Ҳамюртларимиз яна бир бронза медалга сазовор бўлдилар

СПОРТ 17.11.2014, 13:38
Осиё соҳил ўйинлари. Ҳамюртларимиз яна бир бронза медалга сазовор бўлдилар

Таиланднинг Пхукет шаҳрида ўтказилаётган Осиё соҳил ўйинларида мамлакатимиз триатлончилари делегациямиз ҳисобига яна бир бронза медалини келтиришди. Шу тариқа, делегациямиз ҳисобидаги медаллар сони 8 тага ( 2та олтин, 6 та бронза) етди ва ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида 13-ўринда боришмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.

Айтиш жоизки, Осиё соҳил ўйинларида делегациямиз ҳисобига олтин медалларни миллий курашимиз бўйича бўлиб ўтган мусобақаларда Давлат Абраев (-73 кг) ва Санжар Тўхташев (-81 кг) келтиришди. Чорак финалда Ясим Ҳамедни (Ироқ), ярим финалда эса Шанг Чуангни (Х.Тайпейи) мағлуб этган Давлат Абраев ҳал қилувчи финал беллашувида эронлик Хади Ғадимини енгди. Санжар Тўхташев эса саралаш беллашувларида Туркманистон, Ливан ва Эрон терма жамоаси аъзоларини мағлубиятга учратиб, олтин медаль учун кечган беллашувда яманлик Аҳмед Аяшдан устун келди. 

12-13 ноябрь кунлари самбо кураши бўйича ўтказилган мусобақаларда ҳамюртларимиз Элдор Ғуломов (-100 кг), Шаҳло Йўлдошева (-52 кг), Шоҳиста Сафарова (-64 кг), Виктория Оздаева (-72 кг) бронза медаллари билан тақдирланишган. Яна бир бронза медалини эса самбо кураши бўйича терма жамоамиз микст мусобақаларида қўлга киритган. 

Айни дақиқаларга келиб 30 давлат вакилларига совринли ўринларни қўлга киритиш насиб этган. Умумжамоа ҳисобида мезбон Таиланд спортчилари 10 та олтин, 12 та кумуш ва 16 та бронза медали билан пешқадамлик қилишмоқда.

Осиё соҳил ўйинларида Ўзбекистон шарафини 32 нафар спортчимиз самбо, соҳил футболи, муайтай, кураш, триатлон ва замонавий бешкураш мусобақаларида ҳимоя қиладилар. Ҳозирга қадар кураш, самбо, соҳил ўйинлари бўйича мусобақалар якунига етди. Бугун триатлончиларимиз баҳсларда иштирок этсалар, муайтай бўйича мусобақалар 18-22 ноябрь кунлари, замонавий бешкураш мусобақалари эса 19-21 ноябрь кунлари ўтказилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1