Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланди. Бу “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу муносабат билан ушбу қонундан барча фуқаролар билиши керак бўлган моддаларни эслатишга қарор қилдик.
3-модда:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли сифатида қўлланилади.
4-модда:
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган.
5-модда:
Ўзбекистон Республикаси байроғи қонун ҳужжатлари билан белгиланган байрам кунларида — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорлари билан белгиланган марказий кўчаларда, майдонларда, бошқа жамоат жойларида ва объектларда кўтарилади.
5/2-модда:
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.
7-модда:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи хорижий давлатлар ва (ёки) халқаро ташкилотлар байроқлари билан бир хил баландликда жойлаштирилиши ҳамда бир хил ўлчамга эга бўлиши керак.
8-модда:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи биноларнинг асосий кириш жойида ёки бунинг учун мақбул бўлган бошқа жойда, ёхуд тегишли тутқичи бўлган дастада, ё бўлмаса флагштокда байроқнинг дастаси бинонинг олд томони билан кўпи билан 45 градусли бурчак ҳосил қиладиган тарзда кўтарилади.
9-модда:
Мотам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи мотамга мослаб кўтарилади. Бундай ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи дастаси ёки флагштокнинг юқори учига байроқ энининг 1/20 қисмига тенг бўлган кенгликдаги қора тасма боғланади, тасманинг икки учи байроқнинг бутун эни узунлигида осилиб туради.
13-модда:
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шарт.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.





