Буни хоразмлик қабристон қоровулидан сўраш керак.
Кутилмаганда “Фалончиникига жанозага”, дея айтилган хабар баданингизни бир сескантириб олади, беихтиёр вафот этган одам ҳақида ўйлайсиз. Юзингизга фотиҳа тортиб, дуо қиласиз.
Ўлим ҳақ, аммо яқинларининг бу мусибатни қабул қилишлари, кўникишлари қийин кечади. Инсон кўп нарсани унутиши мумкин, аммо оғир кунида кимнингдир бир оғиз далдаси ёки қилган ёмонлиги бир умр эсида қолади.
“Отнинг ўлими итнинг байрами”
Халқимизда шундай мақол бор ва буни бежиз келтирмадик. Н. Рўзимов (исм, фамилияси ўзартиритилган)нинг қилган ишлари ҳақида щыиб, сиз ҳам бу мақолни эслаб қолсангиз ажабмас.
Бировнинг мусибатли кунида унга далда бериш ўрнига, ёлғон яшиқ тўқиб пул ундирган бу кимса аслида ИНСОН деган номга лойиқми?! Наҳотки, кимдир шу ишни қилган, дея ажабланарсиз? Ааммо бу воқеа ҳақиқатдан ҳам Урганч шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармасига қарашли “Охунбобо” қабристони назоратчиси Н. Рўзимов томонидан содир этилган қаллобликлар сабабли рўй берган.
Сўнгги манзил сарсонгарчилиги
Жаноза ўқилгач, марҳумнинг жасади солинган тобут тириклар елкалари оша сўнггги манзил - қабристонга йўл олади. Қабристон гўркови ва бошқа ходимлари майитнинг яқинлари билан биргаликда уни олдиндан тайёрланган гўрга қўйишади.
Ўликни қабристонга қўйиш учун тегишли ҳужжатлар бўлса бўлди, бошқа муаммо бўлмаслиги аниқ, аммо, “Охунбобо” қабристонига олиб келинган майитларнинг яқинлари ҳар битта қабр ўрни учун Н. Рўзимовга бир ярим миллион сўмдан пул беришганига нима дейсиз?!
Бошига мусибат тушиб, карахт аҳволда турган одам марҳумни сўнгги йўлга кузатиши, қилиниши керак бўлган барча расм-русумларни бажариши керак. Яқин қариндоши вафот этгач, жаноза ўқилгунича қабрини тайёрлатиш мақсадида қабристонга келиб, назоратчи ходимларга учрашган Б. Жуманиёзов қабристондаги “Одам шайтонга” дуч келди.
-Майли, бунақа пайтда кўмак бермасак одамгарчиликдан бўлмайди. Аммо қабр учун ер майдони ажратилиши керак, бу эса пул дегани-да, - мақсадга ўтди Н. Рўзимов.
-Қанча тўлашим керак?
-Бир миллион беш юз минг, холос. Энди расмиятчилик дегандай. Ўзингиз тушунасиз-ку.
Бунақа пайтда одамларнинг кўзига пул кўринмайди. Ҳар қандай одам бор бўлса ёнидан, йўқ бўлса, таниш-билишдан олиб бўлса-да, тезроқ марҳунинг олдидаги сўнгги бурчни бажариш пайида бўлади.
“Мозордан ўтса суяк илиб ўтади”
Бу нақл ҳам шундай кимсаларга айтилган бўлса, ажабмас. Шу-шу Н.Рўзимов пул топишнинг яхшигина йўлини топиб олди.
“Қуруқ ойликка яшаб, савоб иш деб юраверган эканман-да, мана, пул топса ҳам бўларкан-ку”, дея “ўлжа” излаб кўзи дарвозага тикиладиган бўлди.
Кун санаб, узоқ кутмади, ахир, ўлим ҳақ. Кимнингдир паймонаси тугайди. Яқинидан айрилган А. Собирова ҳам “Охунбобо” қабристонига марҳум қариндошини қабрга қўйиш учун келиб, Н.Рўзимовга учрашди. Бу гал ҳам қисқа савол жавоб шаклидаги суҳбатнинг якуни Н. Рўзимовнинг бир ярим миллион сўм пулга эга бўлиши билан якун топди.
Шу тариқа Н. Рўзимов ўтган икки йил давомида фуқаролар А. Бекбергановадан 1 350 000 сўм, Р. Худойбергановдан 1 500 000 сўм, Н. Эгамбердиевадан 1 450 000 сўм, М. Жуматовадан 1500 000 сўм, А. Атажоновлардан 1 500 000 сўм пулларни олиб, гўёки уларга беминнат ёрдам кўрсатди.
“Ўликлардан эмас, тириклардан қўрқ!”
Дарҳақиқат, ўтганлардан эмас, тириклардан қўрқиш керак бўлса, Н. Рўзимовнинг ўзидан кўра қилмишларидан қўрқиш керак бўлади. У одамларни алдаб пулларини олгани етмагандай, бу жиноят изини йўқотиш мақсадида қабристонга дафн қилинган марҳумларни руйхатга олиш китобини ҳам йўққа чиқарди.
Нафси ҳакалак отган Н. Рўзимов энди қабристонга қўйилган хайрия пуллари солинадиган қутилардаги пулларга кўз олайтирди. Бу ишига шерик ҳам бир пасда топила қолди, қабристонда ёлланма ишчи бўлиб ишлаб келган Ў. Яхшибоев билан биргаликда хайрия қутилардаги 3 000 000 сўмдан ортиқ пулларни ўғирлаб, қўлга киритди.
Аммо, тириклар тугул, ўликларнинг ҳам ҳақидан ҳазар қилмаган бу кимсанинг ҳам қилмишлари фош этилди. Н.Рўзимов ўз кирдикорлари учун қонун олдида жаовб берадиган бўлди.
У қонун олдидаги тегишли жазони олишга улгурди. Аммо, бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳали халқ олдида, виждон олдида, энг асосий Яратган олдида ҳам қилмишлари учун жавоб бериши лозим.
Наргиза Бўронова





