Россиялик ҳарбийлар гуруҳининг сиёсий инқироз ичида қолган Венесуэлага келгани борасидаги хабарлар катта муҳокамаларига сабаб бўлмоқда, деб хабар берди ТАСС нашри.
Ҳозирча расмий Каракас ва Москва ҳам бу хабарни расман тасдиқламади.
Лотин Америкаси матбуоти Каракас аэропортига Россиянинг «Ил-62» ва «Ан-124» самолётлари келиб қўнгани ҳақида ёзишмоқда. Журналист Хавьер Майорка маълумотларига кўра, самолётларда Венесуэлага 35 тонна юк ва 99 нафар ҳарбийлар етказилган. Москва ҳамда Каракас мазкур масала юзасидан ҳеч қандай маълумотларни тақдим этганича йўқ.
Le Figaro нашри маълумотларига кўра, мазкур масала юзасидан АҚШ давлат котиби Майк Помпео ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтган. АҚШ давлат котиби мулоқот давомида Россияни Венесуэладаги вазиятни янада таранглаштираётганликда айблаган. Москванинг Мадурони қўллаб- қувватлаши Венесуэла халқининг азоб-уқубатларини янада орттирмоқда, деди у. Сергей Лавров ўз навбатида АҚШни Венесуэлада давлат тўнтаришини амалга оширишга уринётганликда айблаб, бу суверен давлатнинг ички ишига кескин аралашув БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлаган.






