АсосийJamiyat

Термиз халқаро бахшичилик санъати фестивали иштирокчиларини қарши олмоқда

'Термиз халқаро бахшичилик санъати фестивали иштирокчиларини қарши олмоқда'ning rasmi

5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелиги остида Биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан ўтказилаётган мазкур фестивалда ЮНЕСКО ҳамда АЙСЕСКО сингари халқаро ташкилотлар, шунингдек, 76 давлатдан юздан ортиқ ижрочилар, мутахассис ва олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этилмоқда.

Айни пайтда Термиз шаҳрида фестивал иштирокчилари тантанали кутиб олинмоқда. Шаҳар кўчалари байрамона безатилган. Бахшичилик санъати, умуман халқимизнинг бой маданий меросини ўзида акс эттирувчи кўргазмали воситалар билан безатилган.

Маълумки, бахшичилик санъати минг йиллардан буён шарқ халқларининг асрий орзу-умидларини ўзида мужассам этиб келади. Хусусан, туркий халқлар оғзаки ижодида достон ва лапарлар, айтишув ва ўланлар алоҳида ўрин тутади. “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Манас”, “Ошиқ Ғариб”, “Қирқ қиз” сингари достонлар халқларимизнинг умумий бойлиги саналади. Ўзбек, туркман, уйғур хақлари достон ва ўлан ижрочилари бахшилар деб аталса, қозоқ ва қирғизлар оқин, озарбойжонлар ошиқ, турклар озанлар деб аталади.

Бу халқаро фестивалнинг сурхон заминида ўтиши ҳам бежиз эмас. Чунки, азалдан бу ҳудуд ўзбек бахшичилик санъатининг энг қадимий ўчоқларидан саналади.

Бахшиларнинг халқаро фестивали илк бор мамлакатимизда ўтказилаётганини фахр билан таъкидлаш лозим. Эндиликда бу байрам ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади.

Танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, ҳайкалча ва пул мукофоти— Гран-При 7 000, 1-ўринга ( ҳар бир йўналиш бўйича: яккахон ва жамоа) 5 000, 2-ўринга ( ҳар бир йўналиш бўйича: яккахон ва жамоа) 3 500, 3-ўринга (ҳар бир йўналиш бўйича: яккахон ва жамоа ) 2 500 АҚШ доллари миқдорида мукофот берилади. Ижрочилар “Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу ижрочиси” каби номинациялар бўйича ҳам пул мукофотлари ва махсус дипломлар билан тақдирланадилар.

Фестиваль муносабати билан жуда катта ҳажмдаги қурилиш, реконструкция, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Термиз аэропортининг янги биноси қуриб битказилди, Алпомишнинг ҳайкали мукаммаллаштирилган ҳолда санъат саройи биноси яқинига ўрнатилди. Санъат саройи ҳудудида томошабинлар учун йиғма ва асосий амфитеатр барпо этилди. Кўча ва хиёбонлар, кўп қаватли кўплаб турар-жой бинолари жорий таъмирланди. Фестивалга оид панно ва рекламалар, суратлар, электр нури билан узатиладиган ёзувлар ўрнатилди. Бахшичилик санъатига оид турли кўргазмалар тайёрланди, миллий созлар, либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари фестивалга тахт қилинди.

– Фестиваль иштирокчилари учун ўзбек, инглиз ва рус тилларида 37 турдаги туристик масканлар буклетлари, бахшичилик санъатига бағишланган рисола ва Термиз шаҳрининг сайёҳлик харитаси тайёрланди. Вилоят тарихи ва маданиятига оид 2 та китоб, 6 турдаги буклет, “Кўҳна Термиз”,”Замонавий Термиз” ҳамда бахшилар тўғрисида фотоальбомлар чиқарилди, – дейди фестивални ёритиш бўйича бўйича матбуот маркази раиси Лазиз Тангриев. вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжавеа. – . Бахши Шоберди Болтаевнинг “Малла савдогар”, Абдуназар Поёновнинг “Олтин қовоқ”, Умир шоир ва Авлиёқул Мардонақул ўғлининг “Алпомиш” достони 1000 нусхадан босилиб чиқди. Фаёзтепа, Кампиртепа, Султон Саодат ва Ал Ҳаким ат Термизий мақбараси каби тарихий обидалар қайта таъмирланди. Хуллас, халқаро бахшичилик санъати фестивалининг юксак савияда ўтиши учун барча чоралар кўрилди.

    Бошқа янгиликлар