Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашда ички ишлар органлари алоҳида аҳамият касб этади. Бу борадаги самарадорликни оширишда ходимларнинг узлуксиз равишда касбий тайёргарлигини юксалтириш, билимини янгилаш ва амалга оширилаётган турли соҳалардаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушуниш ва иш фаолиятига татбиқ этиш муҳимдир.
Шу муносабат билан 2019 йилнинг дастлабки кунларидан бошлаб ИИВ Малака ошириш институти томонидан республикамизнинг барча минтақаларида туман, шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари, ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, профилактика инспекторлари ҳамда истиқболли ёш кадрлар заҳирасига киритилган ходимлар учун сайёр ўқув машғулотлари ўтказилиб келинмоқда. Шу каби ўқув йиғин жорий йилнинг 8-12 апрель кунлари Тошкент шаҳар ИИО ходимлари учун ИИВнинг 1-сонли Тошкент академик лицейидаги Малака ошириш институти филиалида ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати хабар берди.

Республика миқёсида ташкил этилган мазкур ўқув йиғинлари давомида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда тўпланган ижобий тажрибалар, ҳар бир минтақанинг криминоген жиҳатлари ўрганилиб, ходимларнинг кундалик фаолиятидаги йўл қўйилаётган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Айни вақтда, Тошкент шаҳри республикамизнинг пойтахти сифатидаги алоҳида аҳамият касб этаётганлиги, ҳар бир туман ҳудудининг ўзига хос жиҳатлари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги секторлар фаолиятини ташкил этиш, “Хавфсиз пойтахт” концепциясини амалиётга татбиқ этишнинг муаммо ва истиқболлари ва бу борадаги ҳамкорлик масалалари инобатга олиниб, тингловчиларга ўтказилаётган машғулотлар доирасида ўз фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ҳамда айрим соҳавий хизматлардан жалб қилинган тажрибали ходимлар томонидан зарур билим ва амалий кўникмалар берилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, республика миқёсида ташкил этилган сайёр малака ошириш ўқув йиғинлари давомида, таълим жараёнига жалб этилган ходимлар томонидан қисқа вақт ичида катта ҳажмдаги иш фаолияти учун асқотадиган фойдали маълумотларни олаётганликлари ва келгусида олган билимларини шахсий таркибга етказиб, келгуси иш самарадорлигини оширишга оид фикр ва мулоҳазалар билдираётганлиги жуда муҳимдир.
Тошкент шаҳрида ташкил этилган мазкур малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари якунида ходимларга белгиланган намунадаги сертификатлар топширилиб, келгусида бу каби тадбирлар ички ишлар органлари бошқа тоифадаги рахбар ва ходимлари билан ўтказилиши белгиланган.






