ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармасининг "Халқ сўзи" нашрига берган хабарига кўра, 8 апрель куни соат 11:32да Термиз шаҳридаги ”Дўстлик” маҳалласи Алишер Навоий кўчасида жойлашган 10-уйнинг ертўласида, Термиз тумани “Мангузар” маҳалласида яшовчи, шаҳардаги “Термиз Орзу-омад” хусусий корхонаси раҳбари, 1983 йилда туғилган Имомалиев Бегзодга тегишли ҳожатхона қоғози (туалетная бумага) ва пенопластдан тайёрланган тайёр хом ашё (тяга) ҳамда халталанган алебастер қурилиш маҳсулоти сақланадиган омборхонада газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган.
Натижада ертўлага кириш жойидаги зинапоядан, шаҳарнинг Ибн-Сино кўчаси 118-уй 1-хонадонда яшаган, 1958 йилда туғилган Абдурахмонов Рахматуллонинг ва ички хонасидан Ангор тумани “Гулзор” маҳалласида яшаган, ушбу хусусий корхонада ишчи бўлиб ишлаган 1962 йилда туғилган Иномалиев Ражабларнинг куйган ҳолдаги жасадлари топилган.
Воқеа жойига Сурхондарё вилояти прокуратураси ва Ички ишлар бошқармаси раҳбар ходимлари чиқишиб, ҳолатни тезкор-тергов гуруҳи иштирокида батафсил ўрганишмоқда, дейилади хабарда.
ИИВ расмий сайтининг русча талқинидаги хабарда бироз бошқачароқ сабаблар келтирилган. Унда қайд этилишича, портлаш Ражаб Иномалиевнинг электрни ёқишидан сўнг содир бўлган.
Суд экспертиза хулосаларига кўра, вафот этганлар 100 фоиз ташқи куйиш ва ис газидан ўткир заҳарланиш натижасида ҳалок бўлган.






