АсосийJamiyat

“Ўзбекистон бахшилари” номли китоб-альбом фестивалга муносиб туҳфа бўлди

'“Ўзбекистон бахшилари” номли китоб-альбом фестивалга муносиб туҳфа бўлди'ning rasmi

Ўзбек халқининг достончилик санъати жаҳон халқлари оғзаки бадиияти чаманида ўз нуфузи, мавқеига эга бўлган бетакрор сўз санъатидир.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йилда Термиз шаҳрида “Бахшилар мактаби” ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад истеъдодли ёшларни кашф этиш, ўсиб келаётган ёш авлодни халқ оғзаки ижодининг бой хазинаси билан яқиндан таништириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори ана шу ноёб санъатимизни дунёга тараннум этиш учун берилган улкан имконият, беқиёс ғамхўрлик намунасидир.

Миллий достончилик ва бахшичилик санъатини янада ривожлантириш ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва муҳаббат туйғусини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги ижодий ҳамкорлик, дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур фестивалга қизғин тайёргарлик кўрилиб, кўтаринки руҳ ва юқори савияда ўтказилмоқда.

Халқаро фестиваль доирасида ўтказилаётган кўрик-танлов ва турли кўргазмалар, бахшичилик санъатининг жаҳон цивилизациясидаги ўрнига бағишланган илмий-амалий конференция хориждан ташриф буюрган меҳмонларда катта таассурот қолдирмоқда.

“Ўзбекистон” НМИУ томонидан “Ўзбекистон бахшилари” номли китоб альбомининг нашр этилиши мазкур халқаро фестивалга ўзгача туҳфа бўлди, десак янглишмаймиз. Юртимизда яшаб ижод этган бахши-шоир ва оқинларнинг ижоди, улар ижро этган термалардан намуналар ва фотосуратлари жамланган мазкур альбомда Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Бола бахши, Ислом Шоир Назар ўғли, Қодир бахши Раҳим ўғли каби 10 га яқин устоз бахшилар, Шоберди Болтаев, Қаҳҳор Раҳимов, Қора бахши Умиров, Абдуназар Поёнов, Етмишбой Абдуллаев, Гулбаҳор Ақимбетова каби 20 дан ортиқ мустақиллик йилларида “Ўзбекистон халқ бахшиси” фахрий унвони билан тақдирланган бахшилар ҳамда устозларидан достон айтиш сир-асрорларини ўрганиб, ёш бўлсада кўплаб ютуқларга эришаётган Феруз Норматов, Илҳом Норов, Жанибек Пиязов, Лола Маҳаммаддинова, Саламат Аяпов каби 5 нафар бахшичилик санъатининг навниҳоллари ҳақида тўлиқ маълумотлар ўрин олган. Мазкур альбом тақдимоти халқаро фестиваль доирасида хорижий ва маҳаллий олимлар иштирокида ўтказилаётган илмий-амалий анжуманда бўлиб ўтади.

Ўз истеъдоди ва ижоди билан маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, ёшларни ўз оиласи ва юртига муҳаббат ҳамда садоқат руҳида тарбиялаш йўлида хизмат қилаётган бахшилар ижодини чуқур ўрганиш, давр таҳририга учраб, гоҳ яшнаб, гоҳ яшариб, ўзининг гўзал шакллари ва теран мазмуни билан бизгача етиб келган ушбу бой меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш барчамизнинг бурчимиздир.

“Ўзбекистон” НМИУ Матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар