Бугунги кунда мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёш оилалар сони 2 миллиондан ортиқ. Бутун дунёда содир бўлаётган оилавий муносабатлардаги инқироз даврида жамиятимизда оилалар мутаҳкамлигини асраш, шунингдек ижтимоий-иқтисодий оғир ҳолатдаги ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёш оилалар ўртасидаги ажримларнинг олдини олиш муҳим омил ҳисобланади. Турли жамоат ташкилотлари қатори Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида ҳам ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни онгли равишда оилага тайёрлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
2019 йилнинг биринчи чораги давомида Республика бўйича ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида эрта туғруқ ва эрта турмушнинг олдини олиш мақсадида 66,3 мингдан ортиқ ёшлар иштирокида 550 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди. Ўтказилган тарғибот тадбирлари давомида малакали психологлар иштирокида “Психологик қабулхона”лар ташкил этилди. Унда 4 минг 351 нафар ёшлар қабул қилиниб, уларда аниқланган 2 минг 837 та муаммолардан 2 минг 473 таси (87,1%) ҳал этилиб, психологик тавсиялар берилди. Ижтимоий-иқтисодий оғир ҳолатдаги 2 минг 377 та ёш оилаларга психологик кўмак, 1 минг 519 та ёш оилаларга ҳуқуқий кўмак кўрсатилди.
Нотинч ва муаммоли, айниқса оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ёш оилалар билан ўтказилган индивидуал суҳбатлар, тарғибот тадбирлари, ижтимоий-иқтисодий оғир ҳолатдаги ёш оилаларга кўрсатилган психологик ва ҳуқуқий кўмак натижасида 2019 йилнинг биринчи чорагида 687 та ажрим ёқасидаги ёш оилалар яраштирилди ҳамда ижтимоий-иқтисодий оғир ҳолатдаги 844 та ёш оилаларга кўмак берилди.
Никоҳдан ўтиш арафасидаги ёшларни мустаҳкам ва соғлом оила қуришга тайёрлаш мақсадида пойтахтимиздаги “Ёшлар пресс-клуби”да ФҲДЁга илк маротаба никоҳдан ўтиш учун ариза берган ёшлар учун “Мустаҳкам ва соғлом оилани барпо этамиз! шиори остида Тошкент шаҳар конференцияси бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, ФҲДЁ, “Оила” маркази вакиллари, “Қизларжон” клуби аъзолари, никоҳдан ўтиш учун ариза берган ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
— Оила ҳалол иймон ва виждон билан яратилади. Эр-хотин оиланинг буюк хазинаси. Улар турмушини ҳалол меҳнат билан тўлдирса, чинакам бахтга етишади, нопокликка бўйин чўзса, парокандаликкаюз тутади, – дейди фалсафа фанлари доктори, психолог Жамила Шермуҳаммедова.
Конференция давомида тажрибали психологлар, юристлар, Тошкент шаҳар имом-хатиби ёшлар билан индивидуал ва жамоавий тарзда очиқ мулоқот қилишди.
— Мустаҳкам ва соғлом оила турмуш ўртоғини танлаш билан бошланади, – дейди “Тўлқин Акром ўғли” жомеъ масжиди имом хатиби Саҳобиддин Сатимов. — Никоҳ икки ёш ўртасида тузилар экан, оилавий муносабатларни фақат эр-хотиннинг ўзи ҳал қилмоғи лозим. Бошқалар салбий аралашуви билан бир оиланинг дарз кетишига сабаб бўлмаслиги керак.
Фарзанд тарбияси, оила мустаҳкамлиги учун асос бўладиган маънавий-ахлоқий қарашларни ўзида акс эттирган 10 та ижтимоий ролик намойиши бўлғуси келин-куёвлар дунёқарашига ижобий таъсир кўрсатди. Ёш оилалар вакиллари иштирокида ўтказилган тренинглар ҳам кутилган натижани берди. Индивидуал ташкил этилган “Психологик қабулхона” эса ёшларни бир-бирининг характери ва дунёқарашини яхшироқ англаши учун замин яратди. “Юридик қабулхона”да эса ёш келин-куёвлар оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий асослари ҳақида батафсиль маълумотларга эга бўлишди. Ёш оила вакиллари учун зарур бўлган бадиий ва оммабоп китоб, рисолаларнинг кўргазмаси ва савдоси ҳам йиғилганларни учун айни муддао бўлди.
Ушбу конференция апрель-май ойлари давомида республиканинг барча ҳудудларида тизимли равишда ўтказилади.
Шаҳноза Нуруллаева






