Ўзбек халқининг достончилик санъати жаҳон халқлари оғзаки бадиияти чаманида ўз нуфузи, мавқеига эга бўлган бетакрор сўз санъатидир. Бундай шарафга эришишда атоқли шоир Эргаш Жуманбулбул ўғлининг қўшган улуши беқиёс. “Ўзбекистон” НМИУ томонидан ана шундай зўр истеъдод эгасининг мураккаб кечган ҳаёт йўли ва ёрқин ижодига бағишланган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, фольклоршунос Раҳим Қодир қаламига мансуб “Бахшилар сарвари” номли китоб нашр этилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон” нашриёти матбаа-ижодий уйи мартуот хизмати хабар берди.
Хаёлот дунёси кенг, хотирлаш қобилияти кучли, ҳайратомуз хислатли сўз санъаткорининг умри қийинчиликларда ўтди. Аммо шоир ўзида кучли ирода топиб, ғам-қайғуларни мардонавор енгиб, шуурида сақлаган буюк аждодларнинг нодир достонларини ноёб қобилияти, улкан шоирлик маҳорати ва юксак маънавий салоҳияти боис келажак авлодга абадий мерос қолдирди. Ўзбек фольклоршунослигининг асосчиси Ҳоди Зариф ўз илмий мақолаларида “Эргаш шоир куйлаган достонлар ўзининг ғоявий-бадиий юксаклиги билан кўзга ташланиб туради. Бу достонлардаги ижобий қаҳрамонлар ва персонажларнинг хулқи, одоби, ахлоқи, инсонга муносабати, фақат меҳнаткаш халққа хос фазилатлари кишини ўзига жалб этади. Эргаш шоир достонларимиздаги халқчилликни яна ҳам бадиий юксакликка кўтарилишида, образларни характерли деталлар билан бойитишда, портретлар чизиш, табиий манзаралар, этнографик факторларни жонли ва ҳаётий тасвирлашда, халқнинг тил бойлигини, фольклорнинг гўзал ва бадиий воситаларини достонда мумкин қадар тўла ва кенг сингдиришда барча халқ шоирларимиздан устун туради. Ундаги қувваи ҳофизанинг кучлилиги кишини ҳайратга солади. У ўзбек тилидаги бирор шеърий асарни иштиёқ билан бир маротаба ўқиб чиқса, бошдан-оёқ эсида қолар эди. Шоир бир неча юз минг сатрни ташкил этган ўнлаб достонларни ёд билган ”, деб ёзган эди.
Саккиз ёшда бўлиб болаларга сарвар,
Барига ўргатиб, ҳам бўлиб раҳбар...
Ўн иккимда бўлдим бир муллабача,
Ҳавас қилиб мени кўрса бир неча,
Илмга хизмат қип кундуз ҳам кеча,
Сабоқларни такрор қилган кунларим,
деб ёзади шоир ўзининг “Таржимаи ҳол” достонида. У анъанавий достонларнинг энг яхшисини улкан бахшилардан меҳр-муҳаббат, ўткир зеҳн билан эшитиб ёд олган бўлса, ўрганган достонларининг бадиий пухта-пишиқлиги учун чексиз ихлос, жўшқин илҳом билан қайта ишлаб, гўзал ва бетакрор асарга айлантириб берган ижодкордир. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов “Ўзбек фольклорининг Навоийси – Эргаш Жуманбулбул ўғли”, деб бежизга таърифламаган.
Бахши ижро этган “Гўрўғли” туркумига кирувчи “Равшан”, “Қундуз билан Юлдуз”, “Холдорхон”, “Якка Аҳмад”, “Далли”, “Кунтуғмиш” каби достонларда қадим аждодлар ва замонавий тил шундай омухталаштирилганки, унда соддалик билан бадиий тасвирлар бениҳоят гўзал уйғунлашиб, ўзбек тилининг ранго-ранглигидан, жозибаларидан қалбда она тилимизга бўлган муҳаббат туйғуларини кучайтириб юборади.
Эргаш шоир жуда оғир даврда яшаб ўтди. Унинг умри деярли Бухоро амирлигининг эрксиз, разолат, хурофот ҳукм сурган йилларида, кексалиги, яъни ўн етти йилини шўролар тузуми бошланган оғир йилларда ўтказди. Алғов-далғов нотинч замоннинг бўғиқ ҳавосидан нафас олиб яшаган бўлса-да, умид, ишонч билан истиқболли келажакка, гўзалликка, эзгуликка интилиб, халқ маънавияти шууридан яралган ноёб достонларни қалбида ардоқлаб, маданиятимиз хазинасини бойитиш учун бутун онгли ҳаётини сарф этди. Хаёли кенг, фантазияси кучли, тили бой, кўп бахшиларимиздан кўра илмлироқ, Ғафур Ғулом таърифи билан айтганда “сийрак учрайдиган табиий талант эгаси, гавҳарнамо бир шоир эди”, у.
Китобда бахшилар сарвари, султони Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ҳаёти ва ижоди тўғрисида замондошларининг хотиралари жамланмаси ўрин олган. Шоирни кўрган, яқиндан билган қавм-қариндошлари, юртдошлари, шогирдларининг эсдаликларини ўқир экансиз, ўша замоннинг воқеликлари, Эргаш Жуманбулбул ўғлининг сиймоси ва у яшаган давр манзаралари кўз олдингизда жонланади. Шунингдек, ўзбек достончилик поэтик мактаби, унинг вакиллари – бахши-шоирларнинг машаққатли ҳаёти, ўзбек фольклоршунослик фани вужудга келаётган дастлабки йилларнинг қийинчиликлари, ўша давр муҳити бевосита буюк шоир тақдири билан боғлиқ ҳолда акс эттирилган.
“Бахшилар сарвари” фольклоримиз ва адабиётимиз ихлосмандлари эътиборини қозонади ва кўнгил мулкига айланади, деб ишонамиз. Зеро, миллатни улуғлаган, улуғвор ғояларни қадрлаб, илгари сурган, инсонлар қалбида гўзал туйғулар, хислатларга муҳаббат уйғотган улуғ шоир халқимиз хотирасида ҳамиша барҳаётдир.






