Шу йилнинг 21 ноябрида пойтахтнинг Халқаро Ҳамкорлик Марказида «Энг яхши инновацион фикрлаш – 2014» Республика танловининг сўнгги – финал босқичи бўлиб ўтади, деб ёзмоқда kun.uz.
Ушбу танлов Британия кенгаши, ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўрта-махсус касб-ҳунар таълим маркази, Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси, «Камолот» ЁИҲ ва БМТ тараққиёт дастури ҳамкорлигида ўтказилади.
Мазкур танлов 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўрта-махсус коллеж талабалари учун ишлаб чиқарилган бўлиб, ёшларнинг инновацион фикрлаш, турли масалаларни ҳал этишда ижодий ёндашув ва тадбиркорлик каби кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган. Танлов мобайнида талабалар жамоада ишлаш, етакчилик ҳамда молиявий саводхонлик тажрибасига эга бўлиб, ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган ўз бизнес ғояларини тақдим этадилар. Энг яхши ғоялар эса ҳаётга тадбиқ этилади. Ушбу танлов миллий бўлиб, унда 1400дан зиёд коллеж ва 20 мингдан ортиқ талабалар иштирок этадилар.
Танлов жорий йилнинг сентябр ойида бошланиб, қуйидаги уч босқичда ўтди: 1-босқич. Ҳар бир коллежда, беш кишидан (тўртта талаба ва битта ўқитувчи) иборат бўлган жамоалар шаклланди. Ушбу босқичда ҳар бир жамоа ўзининг инновацион ғоясини тақдим этиб, энг яхши ғояларни таклиф этган жамоалар вилоят миқиёсида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритдилар.
2-босқич. Кўрик танловнинг вилоят босқичи натижаларига кўра ҳар бир вилоят, Қорақолпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан 14та жамоа финал босқичига йўланма олди. Бундан ташқари, ҳар бир вилоятда БМТ мутаҳассислари иштирокчи жамоаларга ўз инновацион ғояларини яратиш, такомиллаштириш ва илгари суриш бўйича семинар машғулотларни ўтказиб, ўзбек ва рус тилида ўқув-услубий кўлланмаларни тақдим этдилар.
3-босқич. 14та ғолиб жамоа финал босқичига, Тошкентга таклиф этилиб, ўз бизнес ғояларини такомиллаштирган ҳолда хайъат аъзолари олдида ҳимоя қилишлари лозим. Кўрик танловнинг саралаш босқичлари натижаларига кўра, жамоалар ўз инновацион ғояларини кенг оммага тақдим этиш мақсадида видео лавҳалар суратга олдилар. Мазкур видео лавҳалар онлайн овоз бериш учун www.markaz.uz сайтига жойлаштирилди. Шундай қилиб, ғолибни аниқлашда онлайн овоз бериш натижалари умумий баҳонинг 20 фоизини ташкил этди.
Вилоят босқичларида жамоаларнинг ишларини баҳолаш учун Ўрта-махсус касб-ҳунар таълим маркази, Ўзбекистон Республикасининг савдо-саноат палатаси, БМТ тараққиёт дастури ва «Камолот» ЁИҲ томонидан махсус хайъат гуруҳи ташкил қилинди. Республика босқичи ҳам турли вазирлик, ҳамкор ташкилотлар ва бизнес вакилларидан иборат бўлган 11 кишилик ҳакам аъзолари томонидан баҳоланади.
Танлов якунига кўра, учта ғолиб жамоа, ўз ғояларини амалга ошириш учун бошланғич капитал сифатида 2,5 миллион сўмга эга бўладилар.