1

“Ўргимчак тўри”нинг зарари ёхуд келажак авлод маънавиятини бузиш учун қўйилган “тузоқ”

ЖАМИЯТ 21.11.2014, 15:36
“Ўргимчак тўри”нинг зарари ёхуд келажак авлод маънавиятини бузиш учун қўйилган “тузоқ”

Ахборот маконининг муҳим ва етакчи бўғинига айланган интернет эса ушбу таҳдидларни тарқатувчи энг қулай восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Интернетда салбий ва зарарли, қабиҳ ниятли, тарбияга зид сайтлар ҳамда ёшларни ўзига “асир” қилиб қўяётган турли-туман ўйинларнинг мавжудлиги ҳам фикримиз исботидир. Бу билан интернет фақат бузғунчи ғояларни тарқатади, демоқчи эмасмиз, чунки интернетнинг афзал томонлари жуда кўп.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳозирги кунда айрим ёшлар виртуал оламга тушиб, беандиша сайтларга шўнғиб кетмоқда ва ҳар хил ўйинларнинг таъсирига тушиб қолаётгани ачинарли ҳол. Зеро, бу жараён уларнинг ахлоқига салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти.

Талабалар шаҳарчасида еттита интернет-кафе бор. Мен улардаги ҳолатни ўрганиш мақсадида интернетдан фойдаланган киши бўлиб, “кузатув ишларини” олиб бордим.

Фойдаланувчилар учун барча шароит яратилган. Интернет-кафеларнинг ҳаммасида компьютердан фойдаланиш соатига 1200 сўм, интернетда ишлаш эса соа­тига 1400 сўм миқдорида белгиланган. Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада эса компьютердан фойдаланиш текин, интернетдан фойдаланиш эса бир соа­тига 300 сўм. Орадаги фарқни кўриб турибсиз. Кузатув давомида интернет-кафеда ишлайдиган Эркин акани суҳбатга чорладим.

— Интернет кафени очишингизга нима сабаб бўлган?

— Бугунги кунда техника-технология кундан-кунга ривожланиб бормоқда ва бу кўп имкониятлар эшигини очяпти. Ёшлар шундан фойдалансин, ўргансин, уларнинг билим савияси ошсин, деб интернет-кафелар очилган, дейишимни кутаяпсиз. Бу ҳам тўғри, лекин мен шахсий бизнесимни шакл­лантириш учун бу ишга қўл урганман. Хорижда шундай тамо­йилга амал қилинади.

— Иш вақтингиз чегараланганми?

— Иш тартибимизга кўра, эрталаб соат 8:00 дан, кеч соат 22:00 гача ишлаймиз. Баъзан кеч соат 23:00 гача, айрим ҳолларда илтимосларга кўра, ундан ҳам кечроққача ишлашимиз мумкин.

— Мижозларингиз интернетдан асосан нима мақсадда фойдаланади?

— Ўзингиз кўрганингиздек, бу ерга саккиз ёшдан қирқ ёшгача бўлганлар киради ва уларнинг 97 фоизи йигитлар. Қизлар камдан-кам киради. Интернетдан фойдаланувчиларнинг 25-30 фоизи маълумот қидириб, электрон кутубхоналарга кириши мумкин, қолган 70-75 фоизи кино, клип кўриш, ўйин ўйнаш учун келишади.

Бир фойдаланувчи интернетда неча соатгача ўтиради?

— Одатда, маълумот қидириш учун келганлар учун бир соат кифоя. Лекин кино, клип кўриш учун ёки ўйин ўйнаш учун кирганлар 3 соатдан 12 соатгача ўтиради.

Энди мушоҳада қилиб кўрайлик:

Агар бир бола 10 соатлик вақтини компьютер қаршисида ўтказса, 12000 сўм сарфлар экан-да. Яқинда “Шарқ зиёкори” китоблар дўконига бордим. А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи 12000 сўм, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи 10000 сўм, П.Қодировнинг “Ҳумоюн ва Акбар” романи 13000 сўм, М.Юсуф “Халқ бўл, элим” шеърлар тўплами 9000 сўм, Ў.Ҳошимовнинг “Тушда кечган умр­лар” романи 7500 сўм. Бир кунда интернетга сарфланган пулга китоб (бадиий асар, илмий адабиёт ёки чет тиллари бўйича луғат) сотиб олиш мумкин экан. Харид қилинган китоб ҳар доим ёнимизда бўлиб, бизни ёруғлик сари бошлайди. Бундан ташқари, ёшлар кўраётган кино, клиплар улар онгига салбий таъсир ўтказмайди, деб айта олмаймиз. Ўйинлар-чи, бу ҳақда матбуотда қанча материаллар, таҳлилий мақолалар эълон қилинса-да, “тадбиркорлар” бунга лоқайд. Мақсади бизнесини юритиш. Бироқ бу тўрга ўзларининг ҳам фарзандлари илиниб қолишини хаёлига келтирмасалар керак.

Ўйин ўйнаб ўтирган болаларга нима учун қимматли вақтингиздан унумли фодаланиш ўрнига ўйин ўйнайсиз, деганимда улардан бири уйда зерикаман, деб жавоб берган бўлса, яна бири кеча синф­дошим Фурқатга ўйинда ютқазиб қўйгандим, бугун боплаб аламимдан чиқиб, уни ютаман, деди.

Интернетдаги ўйинларнинг тури жуда кўп ва уларнинг аксарияти жамоа бўлиб ўйналади. Жумладан, “Counter strike”,“Butter field”, “Lineage”, “Gene­rals zero hour”, “Call of duty”, “Left four dead” каби жангариликни тарғиб қилувчи ўйинларнинг ихлосмандлари мактаб ўқувчиларидир. Бу каби ўйинлар бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, уларда шафқатсизлик, зўравонлик кайфиятини уйғотади.

Интернет-кафеларда муомала маданияти аллақачон йўқолиб улгурган. Ачинарлиси, бу ерда ҳуморбосди ўйинлар ўйналавергани боис, шунга яраша сўзлашув, яъни ҳақоратомуз сўзлар ишлатилади. Мана улардан айримлари: “сеними, тўхтаб тур, қонингни ичаман ҳали”, “мен отган ўқдан ҳеч ким тирик чиқолмаган”, “бошингни узаман”, “шу оддий ўғирликни ҳам эплолмадинг-а”, хуллас, бу гапларнинг адоғи йўқ. Болалар буларни жуда ҳиссиз ва бепарволик билан айтишади.

Хўш, юқоридаги ҳолатларнинг авж олиб бораётганига сабаб нима? Нега айрим ёшларимиз яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланишмаяпти? Ахир интернет фақат кино, клип ёки ўйин, дегани эмас-ку. Интернетнинг қулайликлари чексиз. Жумладан, электрон кутубхоналар, минглаб маълумотлар базаси, масофавий таълим ва бошқалар.

Ёшларнинг яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланмасликларига сабаб — бизнингча, ота-оналар фарзандларига кўп вақт ажратмаётганлигида ва болаларда интернетдан фойдаланиш маданияти шаклланмаганидадир.

Хўш, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш чораси қаерда?

Тиббиётда ҳар қандай касалнинг олдини олиш учун, энг аввало, инсон организмида ушбу касалликка қарши иммунитет ҳосил қилиш кераклиги айтилади. “Омма­вий маданият”, турли хил ахборот хуружи ва маънавий таҳдидларга қарши эса ёш-авлоднинг онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш орқали курашишимиз лозим.

Хулоса қилиб айтганда, биз ҳеч қачон ўзлигимизни ва бебаҳо миллийлигимизни унутмаслигимиз керак. Шундагина “ўргимчак тўри”га илинмаймиз!

Адолат ҒАФУРОВА, ЎзМУ Журналистика факультети 4-босқич талабаси

manba: uchildiz.uz

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1