АсосийJamiyat

Сайёр қабул: мурожаатлар ечими биргаликда изланди

'Сайёр қабул: мурожаатлар ечими биргаликда изланди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари А.Усмонов Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида сайёр қабул ўтказиб, аҳоли билан учрашди.

Унда тегишли вазирлик мутасаддилари, Сурхондарё вилоят ва Термиз шаҳар ҳокимлиги, ташкилот, корхоналар ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган қабулда 243 нафар фуқаронинг 270 га яқин мурожаати тингланиб, уларга ижобий ечим топиш бўйича тегишли вазирлик, муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди. Мазкур мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш каби масалаларга оид бўлиб, кўпчилиги жойида ечимини топди.

Масалан, Термиз шаҳридаги Наврўз маҳалласида яшовчи Майрам Жумаева моддий имконияти етмаётгани сабабли кўп йиллардан буён соғлигини тиклай олмаётгани ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларидан бирида жарроҳлик амалиётини ўтказишга эҳтиёж сезаётганини маълум қилди. Бу масала Термиз шаҳар ҳокимлиги томонидан жойида ҳал этилди. Фуқаронинг даволаниши учун 5 000 000 сўм маблағ ажратилди.

Тўпроққўрғон маҳалласида яшайдиган Зуҳра Раимова ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраб, мурожаат этди. Бу масала ҳам жойида ҳал этилиб, фуқаро Сурхондарё вилоят “Электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига ишга қабул қилинди.

Мамлакатимизда инсон манфаатлари ва қадр-қиммати улуғланаётган ҳозирги пайтда кам таъминланган, кўмакка муҳтож ва боқувчисини йўқотган, чин етимларга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу борада улар дуч келаётган моддий-маънавий муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ва ҳаётдан рози бўлиб яшашига кўмаклашиш муҳим вазифа сифатида белгилаб олинган. Шунга асосан сайёр қабул чоғида ёрдам сўраб мурожаат этган 11 нафар чин етим талабаларнинг ўқиши учун зарур бўлган 49 048 452 сўм контракт маблағлари шаҳар ҳокими томонидан ўтказиб берилди.

Қумқўрғон туманидаги Хўжамулки маҳалласида туғилган Гўзал Холмирзаева Термиз давлат университетининг педагогика факультетида таълим олмоқда. Тақдир тақозаси билан у чин етим бўлиб қолган. Бироқ, ўқишни тугатгач, ўз маҳалласидаги умумтаълим мактабида ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат рухида чуқур билимли этиб тарбиялашни мақсад қилиб олган.

—Бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш йўналиши бўйича иккинчи курсда контракт асосида ўқийман,—дейди Г.Холмирзаева.— Моддий имкониятимиз етмагани учун икки ярим йилликнинг контракт пулини ўз вақтида тўлай олмадим. Бугун мазкур масалада кўмак сўраган эдим, муаммо жойида ечимини топди. Шаҳар ҳокими томонидан ўқишим учун 4 562 000 минг сўм пул тўлаб берилди. Бундай ғамхўрликдан бошим осмонга етгандек бўлди.

Термиз шаҳридаги Боғишамол маҳалласида яшайдиган Шаҳзод Ашуров Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиалида технологик машиналар ва жиҳозлар йўналиши бўйича иккинчи курсда таълим олмоқда. У ҳам йиллик контракт пулининг иккинчи ярмини тўлашмуаммо бўлиб турган эди.

—Мурожаатим асосида менга кўрсатилган ғамхўрликдан суюниб, ота-онам меҳрини, ёлғиз эмаслигимни чуқур ҳис этдим,—дейди Ш.Ашуров.— Фарзандларига меҳрибон, саҳоватли юртда яшаб, ўқиётганимдан фаҳрландим.
4 562 000минг сўм контракт пулим таьлим муассасамизгаўтказиб берилди. Албатта, ўқишни муваффақиятли тугатгач, Ватанимга содиқ мутахассис бўлиб, юртимизни ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшаман. Кўрсатилаётган бу эътиборларни келажакда ҳалол меҳнатим билан оқлашга интиламан. Бунинг учун эса янада аъло баҳоларга ўқиб, тинмай изланаман.

Сайёр қабул жараёнида тингланган мурожаатларнинг 103 таси жойида ўз ечимини топди. Муддат талаб этадиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, ижроси қатьий назоратга олинди.

Вилоят туманларида ҳам ҳудди шундай сайёр қабуллар юқори савияда ўтказилди.

    Бошқа янгиликлар