1

Қозоғистонда ҳалокатга учраган ҳар бир бемор соғлиғи алоҳида назоратга олинди

ЖАМИЯТ 21.04.2019, 12:05
Қозоғистонда  ҳалокатга учраган ҳар бир бемор соғлиғи алоҳида назоратга олинди

Олдин хабар берилганидек, шу йилнинг 20 апрель куни тонгги соат 05:09 да Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Кордай туманидаги “Чимкент- Олма-ота” трассасининг 181 километрида автобус иштирокида йўл – транспорт ҳодисаси рўй берган эди. 49 нафар йўловчисибўлган автобусда 11 нафар киши йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган, 13 нафари турли даражада жароҳатланган.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жабрланганларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш ва юртимизга олиб келиш бўйича берган топшириғига кўра, хукумат комиссияситузилиб, махсус самолёт ажратилди. Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жароҳатланган ҳамюртларимиз ушбу бортдда мамлакатимизга олиб келинди. Авиаборт билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Козим Маҳкамов бошчилигидаги шифокорлар гуруҳи ҳам етиб борди.

— Биз махсус авиаборт билан етиб борганимизда қозоғистонлик шифокорлар томонидан жароҳатланган ҳамюртларимизга тезкор биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган эди, — дейди Козим Маҳкамов. — Шифокорлар гуруҳи Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ходимлари билан жароҳатланганларни авиабортга чиқаргач, бортнинг ўзида улар саломатлиги қайта текширувдан ўтказилди. Керакли муолажалар зудлик билан бажарилди. Ўзбекистонда бизни махсус жиҳозланган “Тез тиббий ёрдам” автомашиналари кутиб олди ва беморлар зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етказилди.

Жароҳатланганлар орасида қорақалпоғистонлик 34 ёшли Омирбек Хайтбаевнинг жароҳати анча оғир эди. Агар унга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ҳаёти хавф остида қолаётган эди. Шифокорларнинг шошилинч равишда уринишлари натижасида Омирбек Ҳайтбаевда мураккаб жарроҳлик операцияси муваффақиятли ўтказилди. Ҳозир бемор ўзини яхши ҳис қилмоқда.

— Авариядан кўпчилигимиз ўзимизни йўқотиб қўйдик. Чунки қаттиқ қўрққан эдик, — дейди ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида даволанилаётган қашкадарёлик Аббос Олжабаев. —Шундай пайтда кимга хабар бериш, кимдан ёрдам сўрашни ҳам билмай қолар экансан. Шунда эшитдикки, Президентимиз бизни Ватанимизга олиб кетиш учун самолёт юборган эканлар. Буни эшитиб, ҳаммамиз йиғлаб юбордик. Ахир, ўзга юртда оғир аҳволда турганингда сендан хавотир олиб, Президентнинг ўзи самолёт юборса бундан қувонмай бўладими...? Барча ғамхўрликлари учун давлатимиз раҳбарига раҳмат. Биз қаерда бўлмайлик, Ватан ҳимоясида эканлигимизни ҳис қилдик.

Ҳозирда юртимизга келтирилган фуқароларимизга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида малакали тиббий-жарроҳлик муолажалари кўрсатилмоқда. 20 апрель соат 12:00 гача уларнинг 2 нафарига мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилган бўлса, айни пайтдаяна 3 нафар бемор операция столига олинган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ҳалокат оқибатида жабрланганларга юқори малакали тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Қўшимча дори-дармон ва тиббий воситалар етказиб берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1