Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3775-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасида белгиланган вазифалар асосида илмий-тадқиқот ва ижод билан шуғулланувчи ёшларни бирлаштириш, ёш олимларнинг илмий ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ютуқларини тарғиб қилиш, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашнинг барқарор ривожланишига эришиш мақсадида 2019 йилнинг 25 апрель куни ИИВ Академиясида «XXI аср илм-фани: муаммо ва истиқбол» мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Фанлар Академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Инновацион ривожланиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Бош прокуратура Академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси, Божхона институти, Тошкент давлат юридик университети, Миллий гвардия Ҳарбий техник институти, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Tadqiqot.uz халқаро журналлар портали ходимлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар XXI аср илм-фан ва инновация асри эканлиги, Ўзбекистон илм-фанини инновацион тараққиёт талаблари даражасида ривожлантиришдек ўта долзарб вазифа турганлиги, аммо бу борада ечимини кутаётган вазифалар, хусусан Ўзбекистон илм-фани имижини шакллантириш, фанни бошқариш, диссертациялар сифатини ошириш, тадқиқотчиларнинг илмий тафаккурини юксалтириш, хорижий тилларни, илмий тадқиқот ўтказишнинг замонавий шакл ва усулларини пухта ўзлаштириш, илмий полемика ва илмий ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, илмий янгиликларни амалиётга татбиқ этиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Шунингдек, конференция иштирокчилари томонидан мамлакатимизда таълим сифатини ошириш ҳамда ёш олимлар ва тадқиқотчиларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг илмий ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, асосийси мамлакатимизда энг замонавий инновацион ва технологик ғоялар билан фикр алмашадиган илғор ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди, булар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Тадбир жараёнида қилинган маъруза ва чиқишлар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди ва қизғин баҳс-мунозараларга уланиб кетди ва унинг якунида мазкур соҳани янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар шакллантирилди.






