Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва эркинлаштириш мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлиш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Фарғона вилоят судлари раислари томонидан ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ижросини таъминлаш мақсадида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 26 апрель куни Фарғона вилоят фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий судлари раислари томонидан Қува туманида фуқаролар билан очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказилди.
Суд раислари томонидан фуқароларга суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, сони ортиб бораётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни камайтириш, оила, никоҳ, уй-жой, мерос масалалари юзасидан маърузалар қилишди.
Хусусан, жиноят ишлари бўйича вилоят судининг раиси М.Туланов томонидан фирибгарлик жиноятининг тушунчаси, унинг турлари, бугунги кунда бу турдаги жиноятнинг содир этилиш усуллари, фуқароларнинг фирибгарлик жиноятининг қурбони бўлиб қолмасликлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Ўтказилган очиқ мулоқотдан сўнг суд раислари фуқароларнинг жиноий, фуқарлик, маъмурий ва иқтисодий суд ишларига доир мурожаатлари юзасидан улар билан суҳбатлашиб, мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг қонуний ҳал қилиш чораларини кўришди.
Фарғона вилоят судлари раислари томонидан 2019 йил 6 февралда тасдиқланган режага асосан бу каби сайёр қабул ва учрашувлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилади.
Махкамжон Абдубаннабов
Жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилояти суди Суд амалиёти
ва статистикаси таҳлили бўлимининг
бошлиғи






