24-25 апрель кунлари Чирчиқ полигони базасида Мудофаа вазирлиги миқёсида ҳарбийлаштирилган кросснинг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳамда Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги, барча ҳарбий округлар ва олий ҳарбий таълим муассасалари вакилларидан таркиб топган 12 та жамоа шиддатли ёмғир остида мусобақада ўзаро куч синашди. Ҳа, об-ҳаво инжиқликлари ҳарбий хизматчиларни тўхтата олмади.
1,5 км югуриб келаётган иштирокчи автоматда ўқ отиш маҳоратини намойиш этиб, ортга қайтаётиб, граната улоқтириши зарур эди. Ниҳоят, ортга қайтиб келиб, манзилига қайтганида 3 км масофани босиб ўтган ҳисобланади. Иштирокчиларнинг натижалари якка ҳолда ва умумжамоа ҳисобида юритиб борилди. Бундай пайтда бир кишининг паст натижалари бошқаларга ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Шунинг учун биров бировдан қолай демади. Уст-боши ивиб кетганини ҳам финишга етганда пайқашди.
Аслида бундай шароитда белни боғлаб майдонга тушишнинг ўзи ғолибликка тенг. Аммо кўрсаткичлар чинакам ўринларни белгилайди. Унга кўра якка тартибда 1-ўрин Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Жаҳонгир Булаков, 2-ўрин Шарқий ҳарбий округи вакили Ҳусниддин Мирзаматов, Тошкент ҳарбий округи вакили Янгибой Рўзимуродов 3-ўринни эгаллади. Умумжамоа ҳисобида эса ғолиблик Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига насиб этди. Қуролли Кучлар академияси 2-ўринни ва Тошкент ҳарбий округи жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар кубок, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати






