1

Бухородаги бензинга навбатлар катталашишда давом этмоқда

ЖАМИЯТ 24.11.2014, 15:54
Бухородаги бензинга навбатлар катталашишда давом этмоқда

«Сўнгги бир неча йилдан бери Бухородаги бензинга навбатлар хавфли даражада катталашиб кетяпти», – деб ёзади Podrobno.uz.

«Албатта, ёнилғи эркин сотиладиган даврлар ҳам бўлади, бироқ, бу ҳолат узоқ давом этмайди. Сабаби, вилоят туманларида бензин деярли бўлмайди, шу сабабли ҳам ҳайдовчилар шаҳар АЁҚШларида бензин сотиб олишга кўникиб қолишган. Автомобиллар сони арифметик прогрессия бўйича ўсиб бораётгани эса вазиятни янада мураккаблаштирмоқда», – деб ёзади интернет-нашр.

Қайд этишларича, бензин тақчиллиги 6-кичик тумандаги Алпомиш кўчаси бўйлаб қурилган, халқ орасида «ҳоким заправкаси» номи билан машҳур бўлган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида айниқса ёрқин кўзга ташланади. «Бу АЁҚШ иш бошлаганидаёқ турар-жой биноларига яқинлиги билан ҳайрон қолдирганди – АЁҚШ ва кўп қаватли уйлар орасидаги масофада 100 метрга ҳам етмайди. Лекин ҳозир гап бу ҳақда эмас», – дейилади мақолада.

Бир неча автобус йўналишлари кесишадиган жойда жойлашган бу АЁҚШ сўнгги бир неча ойдан бери бензин учун бошқариб бўлмайдиган ва назорат қилинмайдиган кураш майдонига айланиб қолган. «Маълум муддат бу ерда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари кўриниб туришди, бироқ ҳаракатлари самарасиз эканлигини тушуниб, бир неча километр бўлиб тўпланиб қолган автомобилларни айланиб ўтишга ҳаракат қилишмоқда», – деб ёзади Podrobno.uz.

АЁҚШга кириш дарвозаси шундай қурилганки, автомобиллар ундан фақат бир қатор бўлиб ўта оладилар, бироқ баъзи «сурбет» ҳайдовчилар 2- ва 3-қаторларни ҳам ташкил қилиб, ўзи шундоқ ҳам тор бўлган кўчани тўлдиришяпти ва шаҳар йўловчи транспорти фаолиятига жиддий хавф солишяпти.

«Навбатда турган машиналар сони икки эмас, уч хона сонлар билан ўлчанади, навбат қарийб беш километрга чўзилган. Навбатнинг охирида турганлар қандай қилиб сабр қилишаётганини ақлга сиғдириб бўлмайди. Яқин орадаги уйларнинг аҳолиси эса машиналарнинг шовқини ва сигналларидан шу қадар чарчаганки, бўлаётган ҳодисани одатийдек қабул қилмоқда. Бироқ шаҳарда кўплаб сайёҳлар бор. Улар аҳолининг маданияти ҳақида нима деб ўйлашаяпти экан?», – дея савол билан мурожаат қилади Podrobno.uz муаллифи.

«Қайд этиш жоиз, навбатда турганларнинг баъзилари бу навбатдан яхшигина пул ҳам ишлашяпти. Бакини тўлдириб бензин олган олибсаторларда унинг ҳар литри устига камида минг сўмдан қўйиб, қайта сотиш имконияти бор. Шу сабабли яна бир-икки навбатда тураверса ҳам бўлади. Бензинга ҳақиқатан ҳам эҳтиёжи бўлганлар эса вақтини ва саломатлигини йўқотмоқда. Бунинг устига – ташқарида куз. Зерикмаслик учун қимматли метрлар учун бир-бири билан муштлашаётган ва гап талашаётган ҳайдовчиларни томоша қилиш мумкин», – деб ёзади нашр.

«Адолат бўлсин учун айтиш лозим, шаҳарда бензин бор ва уни эркин сотиб олиш мумкин. Бироқ бу АЁҚШлардаги ёнилғи нархи бироз қиммат. Масалан, оддий «заправкалар»да Аи-80 туридаги бензин 2000 сўмдан бироз қимматроқ бўлса, UzGazOil тармоғида худди шу турдаги «тижорий бензин» нархи 3200 сўмни ташкил этади. Аи-90 туридаги бензиннинг литрини UzGazOil’да 3400 сўмдан сотиб олиш мумкин», – дейилади мақолада.

«Оддий одам учун кўп нарса керак эмас. Одамлар энг оддий саволларга – бензин нега йўқ, тақчиллик сабаблари нимада ва бу ҳолат қачон якунига етади, нега йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари бу ерда тартиб ўрнатмаяпти, «тижорий бензин» атамаси қаердан пайдо бўлди, нега нархлар бу қадар фарқ қилади – жавоб изламоқда, холос. Бироқ бу соҳа учун масъул бўлганлар мағрурона сукут сақлашмоқда. Афтидан, ушбу сукут бензинга навбат то уларнинг дарвозаларига қадар етиб бормагунича давом этса керак», – дея қўшимча қилинади Podrobno.uz’даги мақолада.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1