1

Hyundai Ўзбекистонда «ЛУКОЙЛ» учун газни қайта ишлаш заводи қуради

ЖАМИЯТ 24.11.2014, 15:59
Hyundai Ўзбекистонда «ЛУКОЙЛ» учун газни қайта ишлаш заводи қуради

Hyundai бошчилигидаги консорциум «ЛУКОЙЛ» учун 2018 йилда Ўзбекистонда газни қайта ишлаш заводини қуриб битказади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 24 ноябрь, душанба куни Lex.uz’да эълон қилинган қарорига кўра, Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering компанияси раҳбарлигидаги консорциум Ўзбекистонда газни қайта ишлаш заводи (ГҚЗ) комплексини қуриш ва Қандим конлари гуруҳини ободонлаштириш бўйича умумий қиймати 2,662 миллиард доллар бўлган тендерда ғолиб чиқди.

Биринчи галда, Қандим газни қайта ишлаш заводининг биринчи навбати 2018 йил 1 июлигача ишга туширилиши керак. «Ўзбекнефтгаз» ва лойиҳа оператори бўлган «ЛУКОЙЛ»га 2015 йил 1 апрелига қадар лойиҳанинг техник-иқтисодий асос (ТИА)ларини тасдиқлаш учун ҳукуматга киритиш ҳақида кўрсатма берилган.

Президентнинг ушбу қарори билан Қандим конлари гуруҳи участкаси, Хаузак ва Шоди участкалари, шунингдек, Қўнғирот участкасига оид маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим (МТБ)нинг амал қилиш муддати 7 йилга узайтирилган. Бундан ташқари, «Ўзтрансгаз» компанияси («Ўзбекнефтгаз» шўъбаси) билан битим доирасида қазиб олинадиган табиий газни экспортга сотиш бўйича 10 йил муддатга шартнома тузиш тўғрисидаги таклиф маъқулланган.

Маълумот учун, Hyundai Engineering 2011 йил сентябрида «ЛУКОЙЛ» билан лойиҳа ТИАсини ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзолаган эди. ГҚЗнинг лойиҳавий қуввати – йилига 8 миллиард кубометр табиий газга тенг.

«ЛУКОЙЛ» 2007 йил кузида «Қандим – Хаузак – Шоди – Қўнғиорот» МТБси (2004 йилда 35 йил муддатга имзоланган) доирасида «Хаузак» участкасида газ қазиб олишни бошлаган эди. 2010 йилда компания ушбу лойиҳа асосида газ қазиб олишни йилига 3 миллиард кубометрга етказди. 2017 йилгача МТБ доирасидаги қазиб олиш кўрсаткичи 8-10 миллиард кубометрга етказилиши кўзда тутилган.

Ҳозирги вақтда «ЛУКОЙЛ» Ўзбекистонда учта лойиҳани амалга оширмоқда, булар – «Қандим – Хаузак – Шоди – Қўнғирот», Жануби-Ғарбий Ҳисор конлари устида ишлаш ва Орол денгизининг Ўзбекистон қисмида халқаро консорциум таркибида геологик қидирув ишларини олиб бормоқда. Россия компанияси томонидан бугунги кунда Ўзбекистондан қазиб олинган ва тўпланган газ миқдори 25 миллиард кубометрга етган.

Дастлабки икки лойиҳа доирасида «ЛУКОЙЛ» 2017 йилгача газ қазиб олиш ҳажмини йилига 18 миллиард кубометрга етказишни, инвестициялар кўламини эса ҳозирги кундаги 3,5 миллиард доллардан 8 миллиард долларгача оширишни режалаштирган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1