1

Ўзбекистонда шов-шувга сабаб бўлган босқинчи «газчилар» ишига милиционерлар ҳам аралашгани маълум бўлди

ЖАМИЯТ 24.11.2014, 16:00
Ўзбекистонда шов-шувга сабаб бўлган босқинчи «газчилар» ишига милиционерлар ҳам аралашгани маълум бўлди

Тошкент вилояти Янгийўл ва Зангиота туманлари ИИБнинг собиқ ходимлари ёлғиз қарияларга нисбатан амалга оширилган ва шов-шувларга сабаб бўлган қотиллик ва босқинчилик жиноятларига аралашгани маълум бўлди. Бу ҳақда 12news.uz хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил июнида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Жамолиддин Қосимов ва Наргиза Ўрозовани айбдор деб топиб, Қосимовга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум этиш, Ўрозовага нисбатан эса 15 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллаган эди. Улар ўзларини коммунал хизматлар, тиббиёт муассасалари, шунингдек, ижтимоий таъминот ходимлари сифатида таништириб, ёлғиз қарияларнинг уйларига бостириб кириб, қасддан қотиллик қилишган, ўғирлик ва бошқа оғир жиноятларни амалга оширишган эди.

Тергов-суриштирув ишлари давомида бу жиноятларга икки нафар милиционер ҳам аралашгани маълум бўлди. Тошкент вилояти суди вакилининг сўзларига кўра, Янгийўл ва Зангиота туманлари ИИБнинг ходимлари 2008 йилдаёқ қўлга тушган Ж. Қосимов ва Н. Ўрозовани пора эвазига озодликка чиқариб юришган.

«Агар биз ўша вақтдаёқ жиноятчиларга нисбатан қонуний чоралар кўрганимизда эди, улар ёлғиз, қарияларни ўлдириш ва тунаш билан боғлиқ 208та жиноятни содир эта олмаган бўлишарди», – деди судланган собиқ милиционерлардан бири. Суд органларининг ҳукмига асосан, Янгийўл ва Зангиота ИИБнинг собиқ ходимлари 13 йилдан 14 йилгача озодликдан маҳрум этилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг маълумотларига кўра, номлари зикр этилган ИИБларнинг яна икки ходими, хусусан, Янгийўл ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари ҳам ушбу жиноий иш бўйича айбланаётган бўлиб, ҳозирга вақтда бу шахслар қидирувга берилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1