АсосийJamiyat

Бугун дунё ўзбекча сўзламоқда

'           Бугун дунё ўзбекча сўзламоқда  'ning rasmi

Тил ҳар бир миллатнинг ўзига хос белгиси, улкан ва бетакрор бойлиги, аждодларнинг бебаҳо меросидир. Шу боис ҳам“Тилга эътибор – элга эътибор”, “Тил билган эл билади” сингари нақлларда бир олам маъно бор.

Дунёда ўз ўрни бор

Маълумотларга кўра, Ер юзи аҳолиси беш мингга яқин тил ва лаҳжада сўзлашади. Улардан икки мингга яқини йўқолиб кетиш арафасида турибди. Сайёрамиз аҳлининг тўқсон фоиздан кўпроғи етмишта тилда гаплашади. Шутилларнинг ҳар бирида беш миллиондан ортиқ киши гаплашса,ҳар бирида йигирма миллиондан ортиқ одам гаплашадиган тилларнинг умумий сони қирққа бормайди. Маълумотларга кўра, Ер юзида ўзбекча гаплашадиганларнинг умумий нуфузи 35 миллиондан ошади. Бу сайёрамизда ҳар 200 кишидан бири ёхуд ярим фоизи ўзбекча гаплашади деганидир.

Яна бир қизиқарли рақам: Ер юзида минглаб тил ва лаҳжалар мавжуд бўлгани ҳолда фақатюзга яқин тил давлат тили мақомига эга. Демак, биз ҳамона тилимизана шу юзликдан ўрин олгани билан фахрланишга ҳақлимиз. Бу тилда мамлакатимиздан ташқарида ҳам миллионлабкишилар сўзлашади. Турли мамлакатларда ўзбек тилида китоблар, газета ва журналлар нашр этилади, теле ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилади.

Бугундунёда тобора оммалашиб бораётган ўзбек кураши ҳамчала, ҳалол, ёнбош, дакки, танбеҳ сингари ўзбек тилидаги бир қанча сўзларнинг халқаро миқёсда қўлланиши учун йўл очмоқда.

Айни пайтдадунёнинг кўплаб мамлакатларида, олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиёти алоҳида фан сифатида ўргатилмоқда. Интернет тармоғида ўзбек тилидаги сайтларнинг тобора кўпайиб бораётгани, Google, Facebook, Wikipedia сингари глобал тармоқларнинг ўзбек тилидаги хизмати фаол ишлаб тургани ҳам тилимизнинг виртуал одамдаги мавқеи ҳам ошиб бораётганидан далолатдир.

Ҳеч бир тилдан кам эмас

Тилимиздаги илк ёзма манбалар милодий V-VIII асрларга мансуб.Ўтмишда ҳамулуғ аждодларимиз тилимиз равнақи, унинг қадр қиммати учун доимо курашганлар, бу йўлда не-не буюк ишларни амалга оширмаганлар. Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Бобораҳим Машраб сингари буюк сўз санъаткорлари тилимизда гўзал ва бетакрор назм дурдоналарини яратиб, унинг умрбоқийлигини таъминлаб кетганлар.

Назм мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий халқимизнинг тили, миллий анъаналари, қадриятларига чуқур ҳурмат билан ёндошганлар:

Шоҳ тожу хилъатиким, мен тамошо қилғали

Ўзбегим бошида бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.

Ул зот “Муҳокаматул-луғатайн” асарида ҳам тилимизнинг нақадар бой ва серқирра, нафис ва сержило эканлигини, ҳеч бир тилдан кам эмаслигини исботлаб берганлар.

Буюк жасорат намунаси

Собиқ тузум, тоталитар мафкура замонида миллий қадриятларимиз, бой тарихий меросимиз, маънавиятимиз тазйиқ остида бўлиб келди. Аммо ҳали мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритмаган бир пайтда 1989 йил 21 октябрдаўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши буюкжасорат намунаси, халқимизнинг маънавий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди.

Салкам 30 йилбир қонуннинг кучга кириши, унда белгиланган қоидалар ва кўрсатмаларнинг ҳаётга жорий этиш учун етарли муддат. Ўтган давр мобайнида жойларда мазкур тарихий қонун ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Бу борадаги ишларни исталганча таҳлил этиш,кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Дарҳақиқат, расмий идораларда иш асосан давлат тилида юритилмоқда. Давлат ҳокимияти, маҳаллий ҳокимликларва бошқарув органларинингҳужжатлари давлат тилида қабул қилинмоқда. Айни вақтда мамлакатимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланмоқда, уларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилмоқда.

Гуруч ичидаги курмаклар

Аммо, ҳамма жойда ҳам мазкур қонун талаблари тўлақонли бажарилмоқда, деб бўлмайди.Гарчи бу ҳақда бир неча йиллардан бери тинмай ёзилаётган, гапирилаётган бўлса-да, айрим идораларда ҳали-ҳануз иш юритиш тартиби эски даврлардагидилгир ҳолатларни ёдга солади.

Давлат тилига эътибор, унинг мавқеи нафақат меъёрий ҳужжатларда, расмий идораларда, балки кўча-куйдаги битиклар, лавҳалар, турли эълонларда ҳам яққол кўзга ташланади. Эътибор қилганмисиз, кўча-куйларда, транспорт воситаларида, симёғоч ва махсус устунлардан жой олган эълонлар орасидан ўзбекчадан кўра боқа тилдагилари кўпроқ. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

Ҳолбуки, давлат тили ҳақидаги қонуннинг 20-моддасида шундай дейилган:

«Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиш мумкин».

Кино, телевидение, радио, матбуот нашрлари тилнинг асосий тарғиботчилари саналади. Бинобарин, сухандонлар, бошловчилар, кинорежиссёрлар ва бошқа тегишли соҳалар вакиллари ўзбек тилига ҳурмат билан ёндошишлари, адабий тил меъёрларига риоя этишлари шарт. Таассуфки, кўп ҳолларда бунинг аксига гувоҳ бўламиз.

Айрим ёш хонандаларнинг ўзбек тилида икки калима гапни эплаб гапиролмаслиги, ёмғирдан кейинги қўзиқориндек болалаётган «қўшиқ»ларда ўзбекча сўзларни ажнабий луқмаларга қўшиб ямланаётгани, кўплаб «кассабоп» фильмларда қоришиқ сўз ва жумлалар, шевага хос, кўча безорилари тилида урф бўлган бепарда сўзлардан «унумли» фойдаланилаётгани ҳам аслида тилга нисбатан ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.

Энг ёмони, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кўплаб ҳамюртларимизнинг ҳайрати, ғазабини қўзғаган бир ҳолат – баъзи зиёлиларимизнинг рус тилига давлат тили мақомини бериш таклифи билан чиқиши чиндан-да, ўз миллатимиз, ўз тарихимиз ва тилимизга нисбатан беписандлик, ҳурматсизликнинг яққол ифодаси бўлди.

Бундай ҳолатларга нисбатан интернетнинг ўзбек сегментидаги фаол ҳамюртларимиз ўз муносабатларини билдиришмоқда. Қувонарлиси, тилимизнинг нуфузи, обрў-эътибори учун қайғураётганларнинг кўплиги кўнглимизга таскин беради. Ана шундай фидойи, халқпарвар инсонларимиз бор экан, тилимиз ўз қадр-қимматини йўқотмайди.

Рустам Жабборов

    Бошқа янгиликлар