Халқимиз азалдан ўлкамизни босқинчилардан ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва дахлсизлиги учун курашган қаҳрамонларини эъзозлаб келмоқда.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли синовларда ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш том маънода миллий анъанага айланди.

Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган халқимиз ўзининг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди.
Мана неча йилдирки, 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни юртимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Жорий йилда ҳам ушбу байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш, тинч ва омон кунларга етиб келишимизда ўз жонини фидо қилган юртимиз қаҳрамонларини хотирлаб, қонли жангоҳларда мардонавор курашиб фашизм устидан ғалаба қозонилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, ҳозирда улуғ ёшларни қаршилаб, бугунги кун авлодларига уруш даврининг оғир кунлари ҳақида сўзлаб бераётган инсонлар қадрланиб, эъзозланмоқда.
Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 7,5 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилиши, юқоридаги сўзларимизнинг исботидир.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан шу кунларда уруш қатнашчиларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга миннатдорчилик изҳор этилмоқда. Жумладан, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов Иккинчи жаҳон урушида мардонавор жанг олиб бориб, бугунги кун ёшларига намуна бўлган фахрий инсон Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилаётган 93 ёшли Анатолий Серёгин хонадонига ташриф буюрган бўлса, Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Рустам Хатамов Юнусобод туманида яшаётган 92 ёшли Афанасий Ивановни яқинлашиб келаётган байрам билан қутлаш учун хонадонига борди.
Бундан ташқари, Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Шовкат Мавлянов байрам билан табриклаш мақсадида Шайхонтоҳур туманида яшовчи 94 ёшли Абдувохид Абидов хонадонига борган бўлса, Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Акрамхон Бобохонов Миробод туманида истиқомат қилаётган 96 ёшли Валентина Мясникованинг хонадонига ташриф буюрди. Ҳар икки уруш фахрийлари чин юракдан табрикланиб, Ички ишлар вазири томонидан ажратилган 2,5 миллион сўм пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.






