Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 14-23 май кунлари дунёнинг энг машҳур ва йирик кинотадбири бўлмиш Канн кинофестивали доирасидаги Marché Du Film кинобозори бўлиб ўтадиган машҳур Круазет бульварида яна бир бор Ўзбекистон байроғи кўтарилади ва махсус павильонда Ўзбекистон кинотуризм ва киноиндустрияси салоҳияти намойиш этилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий сайтида маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси кўмагида 72- халқаро Канн фестивали доирасида бу йил иккинчи бор Ўзбекистон миллий павильони ташкил қилинади.

Матбуот анжуманида ушбу нуфузли кинотадбирда мамлакатимиз номидан қатнашувчи киноюлдузлар, соҳа мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Бутун дунёдан кинематография соҳаси вакиллари иштирок этадиган кинобозорда Ўзбекистон делегацияси вакиллари мамлакат кинолокацияларини тарғиб қилиш, Ўзбекистон иштирокида қўшма кинолойиҳалар қилиш (копродакшн) ҳамда чет эл кинокомпанияларини юртимизга фильмлар суръатга олиш учун жалб қилиш юзасидан музокаралар олиб боради.

Ушбу нуфузли кинофестиваль давомида бетакрор юртимизнинг кинотуризм салоҳиятини намойиш этиш, уни фильм олиш учун қулай ва оптимал локация сифатида тарғиб қилиш, таниқли кинокомпанияларни мамлакатимизга ўз фильмларини суратга олиш учун таклиф қилиш, PROlogue V халқаро кинофестивалининг тақдимотини ўтказиш ҳамда унга хорижлик киноижодкорларни жалб қилиш режалаштирилган.

Миллий павильон ҳукуматимизнинг Ўзбекистонда кинотуризмни ривожлантиришга қаратилган саъйи-ҳаракатларига ҳисса қўшиш, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 24 июлида қабул қилган “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил қилинмоқда.
“Ипак йўли” акционерлик инновацион тижорат банки “Spice Expert” зираворлар компанияси, WF (Wild&Free) савдо белгиси Ўзбекистон миллий павильонининг расмий ҳомий ва ҳамкорлари ҳисобланади.






