1

Месси кучлими ёки Роналду?

СПОРТ 29.11.2014, 16:04
Месси кучлими ёки Роналду?
Криштиану Роналду ва Лионель Месси -  cўнги беш йилликда минглаб мақолалар ва кўрсатувлар қаҳрамони. Футбол олами шу икки шахснинг  борлиги сабаб янада  жозибадор бўлиб қолгандек. Икковлон бир бўлиб,  миллионлаб футбол мухлисларини икки қутбга ажратиб қўйди, ҳисоб. Мен нега энди бу икки футболчи атрофида шунча шов-шув? - дея ўйланиб қоламан. Ўйлаб-ўйлаб эса сабабини топгандекман. Бу билан “Эврика” дея бақиришим ноўрин. Чунки, мени ноқис ақлим адашаётган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақда мақоламни сўнгида гаплашамиз.
Куни кеча Европа нашрлари агар жорий мавсумда “Барселона” ҳеч қандай совринни қўлга киритмаса Месси Лондоннинг “Челси” клуби футболчисига айланиши ҳақида ёза бошлади
— Агар “Барса” совринларсиз қолса, Месси “Челси”га кетади,-деб ёзади журналист Фабиан Горой. — Ҳозир Лео аста-секинлик билан инглиз тилини ўрганишни бошлаган. Моуриньони бўлса воқеалар мана шу тарзда ривож топиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб ҳам бўлишган. Лео “Барса”да  қанотда ўйнамоқчи, уни ҳозирги позицияси кониқтирмаяпти, яна отаси томонидан ўтказилаётган босим ҳам унинг кайфиятига таъсир кўрсатмоқда.
Аргентинанинг DirecTV мухбири айнан шу сабабни асос қилиб олибди.
—  Бу “буюк ўтиш”ни амалга ошишида Месси билан шартнома тузган adidas фирмасининг ҳам ҳиссаси бор. Компанияга маҳсулотларини ўзларининг “юзи” бўлган футболчининг доим кийиб юриши мақул келармиш. Бошқа маълумотларда эса, Лео ўзига яқин дўсти бўлган Фабрегаснинг етишмаётгани ва у билан бир клубда ўйнашни ҳоҳлаётгани айтилади.
Бу йилги мавсумда 27-ёшли ҳужумчи майдонда 17та ўйин ўтказиб, 18та гол ва 10та самарали гол узатишни амалга оширган. Футболчининг тахминий нархи 120 миллион евро атрофида. Бўлди, шу билан мақола тамом.
Ана сенга шов-шувли материал. Мухлислар эса бошини чангаллаб  -“бўлиши мумкин эмас” дея хавотирланаётганида иккинчи хабар босилади...
Бу мана шу шов-шувли хабарнинг мантиқий давоми эди. Энди саҳнага “Челси” устози Жозе Моуриньо чиқиб London24 нашрига жумладан шундай дейди -  давр шундай ўзгариб кетганки, осонлик билан ёлғон маълумотлар урчиб кетаверади. –Баъзи одамлар осонлик билан ҳеч нарса йўқ ердан миш-мишларга ишониб янгилик яратишяпти. Ҳар қандай вазиятда ҳам Мессининг ўтиши ҳақидаги янгилик – ҳақиқатдан йироқ нарса.
Ёдингиздан кўтарилмаган бўлса, бундан икки ойлар чамаси олдин  Криштиану Рональдуни “Манчестер Юнайтед”ни соғинаётгани ва тез орада туманли Альбионга ўтиши ҳақида мақолалар барчани ҳаяжонга солган эди. Энди навбат – Мессига келибди.
Менимча, Рональду ҳам Месси ҳам ҳеч қаерга ўтмайди! Ҳар иккала гранд клуб ўзининг асосий даромад манбаидан ажраб қолмаслик учун нимаки керак бўлса амалга оширади.
  Сиз мухлислар бундай хабарларни ўқиб, хавотирга тушманг. Ишонинг, “яхши сут бериб турган сигир” сотилмайди.  Вақт бешавқат, кунлар келиб икки даҳо қарийди. Ана шунда ўз “топилдиғидан” бор шарбатни сўриб олган клуб карчолонлари  футболчиларни кимгадир фойда кўриш мақсадида сотиши табиий ҳол. Лекин, ҳозир эмас. Нашрларда тарқатилаётган хабарлар эса пиар холос.
Юқорида айтмоқчи бўлган фикримга қайтаман. “Икки футбол даҳоси”нинг бу даражада кўп тортишувлар “эпицентри”га айланишига сабаб: уларни Пеле ёки Марадона сингари турли даврда туғилмаганида. Ҳозирги футбол мухлислари мана шу томондан омадлимиз. Чунки,  биз бир вақтни ўзида иккита атрофдаги футболчилардан умуман ҳар томонлама кучли бўлган “тўп ўйини сеҳргарлари” билан замондошмиз.
Улардан қай бири кучли? - деган саволга жавоб изламанг. Уларнинг такрорланмас ўйинлари ва жозибадор голлларидан завқланинг. Мени эса бу саволга жавобим аниқ: Уларни ҳар иккисни бирлаштириб турган – ФУТБОЛ КУЧЛИ!
Буёғига эса  ўша - “Яйпандаги гап”. Қани, кўрамиз!  
Элмурод Эрматов. sports.uz

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1