Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туман бўлим томонидан, туман ҳудудида жойлашган масъулияти чекланган жамиятга қарашли қурилиш объектларида электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилинишини ўрганиш юзасидан текшириш ўтказилиш жараёнида, МЧЖ электр ҳисоблагични таъминотчи корхона билан шартнома тузмасдан ва тўловларни амалга оширмасдан, 2018 йил ноябрь ойидан, жорий йилнинг май ойига қадар электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келганлиги аниқланган. Оқибатида давлат манфаатларига жами 56.362.680 сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Мазкур ҳолатда Бўстонлиқ туман жамият раҳбари ўзининг ҳатти-ҳаракатлари билан электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатган, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ва Бўстонлиқ туман электр таъминоти корхонаси манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказиб, ЖКнинг 185-2-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган.
Бироқ корхона раҳбари ушбу жиноятни биринчи марта содир этганлигини, ўз ишидан пушаймонлигини маълум қилиб, жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддат ичида етказилган 56.362.680 сўм зарарни тўлиқ тўлаган.
Маълумот тариқасида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 185-2-моддаси 6-қисмида “Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан 30 кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади”, деб кўрсатилган.
Юқоридагиларга кўра, бу холат бўйича жиноят иши қўзғатиш рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.