2018 йилнинг 16 сентябрь куни Бюронинг Ғузор туман бўлими давлат инспекторлари тумандаги "Дўлтали" МФЙ, Дўлтали қишлоғида хизмат вазифасини бажариш вақтида шу қишлоқда яшовчи фуқаро Ч.Эшонқулов яшаш хонаданида электр энергияси тармоғига тўғридан-тўғри уланган ҳолда фойдаланаётганлиги аниқлаб, бу ҳақида қоидабузарлик далолатномаси расмийлаштиради.
Мазкур қоидабузарлик натижасида фуқаро Ч.Эшонқулов таъминотчи корхона манфаатларига 1.780.702 сўм миқдорида зарар етказди ҳамда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида, яъни 921.500 сўм миқдорида жаримага тортилди.
Бироқ, фуқаро Ч.Эшонқулов етказилган зарар ва жаримани тўлаб, тегишли хулоса чиқариш ўрнига ўз қоидабузарлик ҳаракатларини давом эттирди.
Хусусан, 2018 йил 17 декабрь куни унинг яшаш хонадонида қайта электр энергиясидан ноқонуний равишда тўғридан-тўғри фойдаланаётганлиги ҳолати давлат инспектори Ж.Чоршанбиев томонидан аниқланди ва ушбу ҳолатни давлат инспектори расмийлаштираётган вақтда, Ч.Эшонқулов ўз айбини тан олиш ўрнига давлат инспекторига кескин қаршилик кўрсатиб, уни белкурак билан уриб, оғир тан жароҳати етказди.
Натижада, 2019 йил 16 май куни Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман суди томонидан судланувчи Чори Эшонқулов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми ва 185-2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари тайинланди.