“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компаниясида жорий йилнинг 9 ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 23,1 ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 23,5 фоизга ўсди, дея ёзмоқда ЎзА.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж саноати корхоналарининг аксарияти “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси таркибига киради. Айни пайтда компания таркибида 305 саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 253 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларидир.
“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, шу йилнинг ўтган уч чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 триллион сўмдан ортган, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш эса 828,9 миллиард сўмни ташкил қилган. Айни пайтда ип ва мато, трикотаж полотно ва ундан тайёрланган буюмлар, нотўқима материаллар, хом ипак каби асосий турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ўсди.
Таъкидлаш жоизки, енгил саноат корхоналари маҳсулот экспортини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу йилнинг ўтган 9 ойида экспорт ҳажми 637,1 миллион долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоиз кўпдир. Ўтган даврда экспорт қилувчи корхоналар сони 38 тага кўпайиб, 250 тага етди.
02.12.2014 08:40