1

2000дан ортиқ ногиронлар ҳолидан хабар олиш режалаштирилмоқда

ЖАМИЯТ 03.12.2014, 16:51
2000дан ортиқ ногиронлар ҳолидан хабар олиш режалаштирилмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1992 йилда 3 декабрь “Халқаро ногиронлар куни” деб эълон қилинган ва бутун дунёда кенг нишонланиб келинмоқда, деб ёзмоқда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмий сайти.   
Ҳар йили “3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни” 3-5 декабрь кунлари ногиронлар учун байрам тадбирлари ташкил этиш, уларга совғалар ажратиш орқали нишонланиб келинган. Жорий йилда ушбу кунни меҳр-мурувват ойлигини (30 ноябридан 30 декабригача) ўтказиш орқали кенг нишонланмоқда.
Меҳр-мурувват ойлиги давомида қуйидаги тадбирлар амалга ошириш кўзда тутилган:
ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар)ларда камида 50 нафардан (жами 9600 нафардан зиёд) ногиронларга бепул юридик маслаҳат хизматлари кўрсатиш;
Олий Мажлис, вилоят ва туман кенгашларининг депутатлари билан учрашувлар (республика бўйича 200 дан зиёд ҳудудларда) ташкил этиш ҳамда ногиронларни сайлов пунктларида овоз беришлари учун зарур шарт-шароитлар (махсус йўлакчалар, кўзи ожиз ногиронлар учун шарт-шароитлар) яратиш;
3 минг нафар ногиронларни бепул тиббий лаборатор-функционал текширишлардан ўтказиш, даволаш ҳамда соғломлаштириш;
Ногиронлар жамияти, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан биргаликда 2 минг нафар ётиб қолган ногиронларнинг уйларига бориб ҳолидан ҳабар олиш ҳамда уларга зарур ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатиш;
ҳомийлик ёрдамида қўшимча 190 нафар ногиронларга аравача, 965 нафар ногиронга эшитиш мосламаси, 4 минг нафарга яқин хасса, 3,8 мингта қўлтиқ таёқ ажратиш;
2015 йил давомида ҳар бир туман ва шаҳарларда камида бештадан (жами 965 та) марказий чоррахаларни ногиронлар тўсқинликсиз ҳаракатланиши нуқтаи назардан қайта капитал таъмирлаш ва барча махсус воситалар билан тўлиқ жиҳозлаш;
ҳар бир ҳудудда ногиронлар кириши ва фойдаланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилган тижорат ва ижтимоий инфратузилма объектлари кўрик танловини ўтказиш;
ногиронлик масалаларига бағишланган телероликлар ва ҳужжатли фильмлар намойишини ташкил этиш, ўтказиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш, кўрсатувларни субтитр ёки сурдо таржима билан таъминлаш;
193 та туман ва шаҳарларда ногиронлар учун квоталанган иш ўринлари махсус меҳнат ярмаркаларини ўтказиш ва ҳар бир туманда камида 50 нафардан (жами 10 минг нафарга яқин) ногиронларни квота иш ўринларига жойлаштириш, ногиронлар учун қулай меҳнат шароитлари яратиш чораларини кўриш. Шунингдек, ойлик давомида 250 дан зиёд оммавий-маданий ва хайрия тадбирлари, учрашувлар, давра суҳбатлари ва турли кўргазмалар ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу тадбирларни амалга оширишда 230 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотлари фаол иштирок этадилар.
“Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2014 йил 1-декабрь куни “Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя ва имкониятлар тенглигини таъминлаш – устувор вазифа” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1