Валютани яширинча олиб чиқишга уринган шахслар фош этилди

ЖИНОЯТ 19.06.2019, 10:12
Валютани яширинча олиб чиқишга уринган шахслар фош этилди

Тошкент вилояти божхоначилари томонидан нақд хорижий валюталарни божхона чегараларидан турли ноқонуний йўллар билан олиб ўтилишига қарши самарали кураш олиб борилмоқда.

Жумладан, “Навоий” чегара божхона пости ходимлари томонидан, қўшни давлатга ўтаётган фуқаро Д.Г. белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Натижада, ушбу шахснинг қўл юклари орасида божхона назоратидан яширилган 500 000 қозоқ тенгеси борлиги аниқланди.

“Ойбек” чегара божхона пости ходимлари томонидан ҳам божхона қонунбузилиши ҳолати ўз вақтида бартараф қилинди. Яъни қўшни давлатга ўтиш учун ушбу постга кириб келган фуқаролар Б.З. ва М.А. холислар иштирокида текширилди. Натижада, уларнинг чўнтакларида божхоначиларга маълум қилинмаган ва декларациясида кўрсатилмаган 1,2 миллион Россия рубли борлиги маълум бўлди.

Шунингдек, “Ғишткўприк” чегара божхона пости ходимлари томонидан ҳам қонунбузар фуқаронинг қинғир режаси чиппакка чиқарилди. Мамлакатимиздан қўшни давлатга чиқиб кетаётган фуқаро Ю.О. белгиланган тартибда текширилганида, унинг эгнидаги кийимлари орасида 8100 АҚШ доллари ва 11500 қозоқ тенгеси борлиги аниқланди.

Мазкур постнинг ўзида яна бир фуқаронинг найранги иш бермади. Қўшни мамлакатга чиқиб кетаётган фуқаро И.Ж. нинг номуносиб хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди. Белгиланган тартибда текширувдан ўтказилган фуқаронинг оёқ кийимлари ичида нақ 10 805 АҚШ доллари ва 51 000 қозоқ тенгелари яширилгани фош этилди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1