1

Наманганликлар “Ёшлар ва қонун” танловида пешқадам бўлди

ЖАМИЯТ 25.06.2019, 16:04
Наманганликлар “Ёшлар ва қонун” танловида пешқадам бўлди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамкорлигидаРеспублика миқёсида барча умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олувчи вояга етмаганлар ўртасида “Ёшлар ва қонун” танлови ташкил этилди.Унда 8 минг 973 та таълим муассасаларидан жами 1 миллион 987 минг 586 нафар мактаб ўқувчилари қамраб олинди.

Апрель-май ойларидаўтказилган ҳудудий босқичларда ғолибларга танловнинг республика босқичига йўлланмалар тақдим этилганди. Куни кеча пойтахтимиздаги “Ёшлар пресс клуби” да “Ёшлар ва қонун” танловининг республика босқичига старт берилди. Танлов шартлари бўйича Тошкент давлат юридик университети ҳамда Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида ташкил этилди. Иштирокчилар “Суд мажлислари” модели, “Ҳуқуқий савол-жавоб”, “Видеоролик тақдимоти” ҳамда “Ҳуқуқингни англа!” каби 4 шарт асосида беллашди.

Ўқувчилар танлов давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюриб, депутатлар фаолияти билан яқиндан танишди. “Ёшлар комиссияси” аъзолари билан учрашувларда самимий мулоқот қилишди.

Танлов натижаларига кўра, Наманган вилоятининг “Шараф” жамоаси 90 баллни жамғариб, мутлақ ғолибликни қўлга киритди.Самарқанд вилоятининг “Тафаккур” жамоаси 86 балл билан 2-ўринни эгаллади. Қорақалпоғистон Республикасининг “Фемида” жамоаси эса 85 балл билан 3-ўринга сазовор бўлди.

Ғолиблар тадбир ташкилотчилари томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Мазкур танлов таълим муассасалари ўқувчиларининг ҳуқуқий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, ёшларнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилди. Шунингдек, вояга етмаганларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларига нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириб, қонун бузилиши ва коррупция ҳолатларига муросасизлик хиссини уйғота олди.

Шаҳноза Нуруллаева

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1