АсосийJamiyat

Мудофаа вазири ўринбосарининг ташрифидан сўнг Сурхондарёдаги ҳарбий қисмда нималар ўзгарди?

'Мудофаа вазири ўринбосарининг ташрифидан сўнг Сурхондарёдаги ҳарбий қисмда нималар ўзгарди?'ning rasmi

Бундан бир ой аввал Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги сайёр қабул гуруҳи Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Сурхондарё вилояти, "Какайди қўрғони"да жойлашган ҳарбий қисмга ташриф буюрган эди.

Мудофаа вазирининг ўринбосари ҳарбий қисмдаги мавжуд шарт-шароитлар билан танишаркан, ҳарбий қисмнинг замонавий қиёфага келтириш, ҳарбий шаҳарчада яшаётган ҳарбий оилаларнинг фаровон турмуш даражасини ошириш, уй бекаларига қўшимча иш ўринлари яратиб бериш ва бошқа муҳим масалалар юзасидан қатор вазифалар қўйган эди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментининг бир гуруҳ ижодий ходимлари мазкур ҳарбий қисмда жадал амалга оширилаётган ишларни кўриб, қўйилган вазифаларнинг аъло даражада бажарилаётганига амин бўлди.

Хусусан, ҳарбий қисмга ўзгача кўрк қўшадиган ландшафтли безаклар, турли хил субтропик ўсимликларни экиш ишлари авжида.

Гўзаллик салони, озиқ-овқат дўкони, тикувчилик цехи каби хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ишбошлагани ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун айни муддао бўлди.

– Бу тикув цехи фаолиятини бошлаганига ҳали ўн кун ҳам бўлмади, – дейди ҳарбий хизматчининг рафиқаси Дилдора Боймуродова. – Ҳарбий шаҳарчамизда яшовчи беш нафар уй бекасини тикувчиликка жалб этдим. Асосан ҳарбий кийимлар тикамиз. Улар қисқа муддатда бир нечта буюртмалар қабул қилиб, кийимларни тайёр ҳолатда буюртмачиларга топширишади. Август ойида олти дона замонавий тикув машинаси харид қиламиз.

Ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ёзги таътилни унумли ўтказишлари учун информатика, адабиёт, математика каби фанлар ҳамда турли спорт тўгараклари ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳарбий қисм округ миқёсида ўтказилган энг намунали ҳарбий қисм кўрик-танловида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритган эди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

    Бошқа янгиликлар