Жамиятимизда барқарорликни сақлаш, фуқароларимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда ички ишлар органларининг самарали фаолияти муҳим ўрин эгаллайди.
Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан кейинги
уч йилда соҳани халқпарвар тизимга айлантиришга қаратилган қариийб 45 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Бунинг натижасида ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш борасидаги роли тобора ошиб бормоқда. Энг муҳими, ички ишлар органлари ходимларининг халқ ичига кириб боришлари сезиларли даражада ўсиб бориши кузатилмоқда.
Профилактика инспекторларининг ёрдамчилари эса ички ишлар органлари ходимларига яқиндан ёрдам бериш тизимининг такомиллашуви эса аҳоли ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга йўналтирилган профилактик ишларни ташкил этиш ва олиб боришда ҳамда жамоат тартибини сақлашда ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса амалда ўзининг ижобий самарасини бермоқда, албатта. Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд 10 мингга яқин маҳаллаларнинг аксариятида жиноятчиликнинг кескин камайишига эришилгани, кўплаб маҳаллада эса бирортаям жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани фикримизнинг далилидир. Бу, албатта, ички ишлар органлари ходимларининг аҳоли орасига кириб, улар билан ҳамдард, ҳамқадам бўлиши, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши курашда ўз атрофларида уларни жипслаштира олганликларининг самарасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги
“Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, яқинда Фарғона ва Тошкент вилоятлари туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг жиноят-қидирув бўлимлари бошлиқлари, хавфсиз туризмни таъминлаш хизмати тезкор ва профилактика ходимлари, навбатчилик ва профилактика инспекторлари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ташкил этилди.
Ўқув йиғинларида Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш борасидаги ҳаракатлар аввало, маҳаллаларда кенг жамоатчилик иштирокида ташкил этилиши алоҳида аҳамият касб этишини инобатга олган Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари сайёр ўқув машғулотларидан сўнг маҳаллаларда “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” мавзусида учрашувлар уюштирмоқдалар.
Ўқув жараёнларида олинган назарий ҳамда амалий билим ва кўникмалари соҳа ходимларининг жамиятимизда барқарорлик ва жамоат хавфсизлигини,
элу-юрт осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишларида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
– Юксак профессионализм, одамлар орасига кириб бориш, ёшлар қалбига йўл топа билиш, оилалар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш ҳар бир профилактика инспекторининг кундалик вазифасига айланмоғи лозим, – дейди Институт бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Нарматов. – Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, профилактика инспекторлари ички ишлар органларининг маҳалладаги вакили эмас, аксинча фуқаролар йиғинларининг ички ишлар органларидаги вакилларига айланиши керак, деган устувор вазифа негизида биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, соғлом, маънавий баркамол авлодни тарбиялашга кўмаклашиш, ёшларимизни турли зарарли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларига йўл қўймаслик ётибди.
Шу пайтга қадар Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар “Ишонч”, Қибрай туманидаги “Ёшлик”, “Дархон”, “Оқ олтин”, Тошкент туманидаги “Наврўз”, Фарғона шаҳридаги “Янгийўл”, Фарғона туманидаги “Дилкушо” маҳаллаларида ўтказилган маърифий тадбирларда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, унинг барқарорлигига ҳисса қўшиш, хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратиш туйғусидан воз кечиш, “ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудуд”га айлантириш каби мавзулар ҳақида сўз юритилди.
Улуғ муттафаккир шоиримиз Абдулла Авлоний ҳам баркамолликнинг асосини тарбияда деб билиб, “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”, деган эди. Зеро маҳалладаги ҳар бир ёшнинг эртанги кунига бефарқ бўлмаслик жамоатчилик эътиборидан четда қолмаслиги лозим.
Жойларда сайёр ўқув йиғинлари ва тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАР:
1. Гулчеҳра Ашурова, Қибрай тумани “Ёшлик” маҳалласида истиқомат қилади.
– Бугунги Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган учрашув ҳам самарали бўлди. Фуқароларимиз ўзларини қизиқтирган саволларига тўлақонли жавоблар олдилар. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, унинг барқарорлигига ҳисса қўшиш, маҳаллаларда содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларни барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишда жамоатчиликнинг роли ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдик. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмлари бўйича тушуниб олдик.
Шунингдек, маҳалламизда спиртли ичимликка мутассил ружу қўйган, оилавий жанжалкашларга, жамоат жойларида юриш туриш қоидаларига амал қилмай ёшларга салбий таъсир кўрсатаётганларга нисбатан тегишли чоралар кўриш баробарида уларнинг хатти-ҳаракатларини кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилиб боришимиз, зарур ҳолларда тегишли идораларга таклифлар билан чиқишимиз лозимлиги ҳақида зарур тушунчаларга эга бўлдик.
2. Абдурасул Абдулхаев, Чирчиқ шаҳар “Ишонч” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.
– Маҳалламизда 4300 нафардан зиёд турли миллат вакиллари аҳил-иноқликда истиқомат қилади. Ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида жойларда ўтказилаётган ушбу тарғибот-тушунтириш ишлари муҳим аҳамият касб этади.
Ҳудудимиздаги аҳолининг 50 фоизга яқинини аёллар, 700 нафарини вояга етмаганлар ташкил этади. Ёшлар таълим-тарбияси билан бир қаторда, уларни турли салбий иллатлардан сақланишлари ва билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолишларининг олдини олиш мақсадида тарғибот тадбирлари ташкил этиб борилади. Маҳалламизда йил бошидан шу кунга қадар жиноят содир этилмади. Бироқ, Чирчиқ шаҳрининг 50 йиллиги кўчаси серқатнов бўлганлиги боис йўл-транспорт ҳодисалари бўлиб туради. Бундай ҳолатларнинг ушбу жойда бир неча бор такрорланаётганлигини кўриб, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда светофор ва камера ўрнатиш борасида тегишли ташкилотларга таклифлар билан чиқдик.
Бугунги Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган учрашув ҳам самарали бўлди. Фуқароларимиз ўзларини қизиқтирган саволларига тўлақонли жавоблар олдилар.
3. Мирали Чориев, Қибрай тумани Байтқўрғон маҳалласида Зиёнур кўчасида яшовчи, 2-гуруҳ ногирони.
Аёлининг вафотидан кейин уч маротаба инсультни бошидан ўтказган М.Чориев гапира олмаса-да бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларини кўриб, хурсандчилигидан кўзига ёш олди. Аёли оламдан ўтганда кичик фарзанди жуда ёш эди.
– Қўшним бу йил 61 ёшга тўлди. Касаллиги туфайли ногирон бўлиб қолди,
–дейди Саида Исроилова. – Албатта, онаси Шарофат опа учун фарзандининг касаллигини кўришдан оғир азоб йўқ. Аммо, ҳар доим давлатимизнинг эътиборини ҳис қилиб туради, маҳалла-кўй, ҳомий ташкилотлар доим хабар олиб туришибди. Мен муҳтарам Президентимиздан, ушбу тадбирни уюштирган Ички ишлар вазирлиги раҳбариятидан ҳам жуда миннатдорман.
4. Муроджон Сатторов – Фарғона шаҳар “Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.
– ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида маҳалламизда истиқомат қилаётган ёшу-қарилар қатнашиб, ўзларига кераклиги тушунчаларга эга бўлди.
Фқароларимиз тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, уни сақлаш учун қандай ишларни амалга ошириш кераклиги ва уларга маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқаро масъул эканлигини, бефарқликдан йироқда бўлиш, ҳамжиҳатликда амалга ошириш керак бўлган тадбирлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
5. Нигора Маҳмудова – 1993 йилда туғилган, Фарғона шаҳар “Янгийўл” маҳалласида истиқомат қилади, болаликдан 1-гуруҳ ногирони.
Фуқаро Н.Маҳмудованинг онаси Дилфуза Маҳмудова қуйидаги фикрларни билдирди: “Менинг 3 нафар фарзандим бор, тўнғич фарзандим қизим Нигора Маҳмудова туғма ногирон бўлиб туғилган, шу кунгача унга турмуш ўртоғим билан бирга қараб, парваришлаб келаяпмиз. Қолган фарзандларим яхши, бири ишлайди, кейингиси мактабда ўқимоқда, маҳалламиз фаоллар тез-тез хабар олиб туришади, шаҳар тиббиёт бирлашмаси ходимлари ҳам мунтазам келиб соғлиғини назорат қилишади”.
6. Владислав Собиров – 1985 йилда туғилган, Фарғона шаҳар “Янгийўл” маҳалласида истиқомат қилади, болаликдан 2-гуруҳ ногирони.
Фуқаро В.Собировнинг отаси Назиржон Собиров қуйидаги фикрларни билдирди: “Менинг 2 нафар фарзандим бор, тўнғич ўғлим оиласи билан алоҳида яшайди, бу ўғлим болаликдан ногирон бўлиб туғилган, турмуш ўртоғим 10 йил аввал вафот этган, ёлғиз ўзим ўғлимга қараб келаман. Ўзим ҳам 2-гуруҳ ногирониман, хотиним қазо қилгандан кейин жуда қийналдим, лекин маҳалла, қўни-қўшнилар қараб турганлари йўқ, улар менга ҳар томонлама кўмак беришди, бундан кейин ҳам бериб келишмоқда”.
– Ҳақиқатан Собиров Назир ака турмуш ўртоғи вафот этганидан кейин қийналди, – дейди “Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғини раиси М. Сатторов. – Лекин маҳалла аҳли қараб турмади, унга қўлидан келганича ёрдам бериб, кўмаклашиб келаяпти.
7. Аброржон Аъзамов – Риштон тумани “Бешкапа” маҳалласига хизмат кўрсатувчи профилактика катта инспектори, капитан.
– Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти томонидан ташкил этилган навбатдаги сайёр ўқув йиғинида соҳамизга оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳамда ИИВнинг буйруқларини, шунингдек вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда давлат ва нодавлат ташкилотлар, ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни тўғри ташкил этиш йўлларини ўргандик.
Ўйлаймизки, ўқув машғулотларида олган билимларимиз мен хизмат қилаётган фуқаролар йиғинини жиноятдан ҳоли маҳаллага айлантиришга хизмат қилади.
8. Шоҳруҳ Ҳамроев, Янгийўл тумани “Ниёзбош” маҳаласига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори, капитан.
– Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институтининг сайёр ўқув йиғинларини ўтказишдан мақсади бизларни яъни ички ишлар органлари офицер ходимларининг хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда хизмат мажбуриятларини самарали бажаришлари учун касбий билим ва кўникмаларимизни оширишдан иборат.
Мана бугун Тошкент вилояти ИИБ туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг жиноят-қидирув бўлимлари бошлиқлари, хавфсиз туризмни таъминлаш хизмати тезкор ва профилактика ходимлари, навбатчилик қисмлари ва профилактика инспекторлари учун сайёр ўқув йиғинлари бўлиб ўтмоқда.
Беш кунга мўлжалланган ўқув жараёнларида соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ва идоравий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти билан танишдик. Бизнинг олдимиздаги асосий вазифа назария ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлаб, олган билимларимизни фаолиятимизга тадбиқ этиш ҳисобланади. Ўйлайманки, ўрганганларимиз келгусидаги хизмат фаолиятимизда қўл келади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Малака ошириш институти
матбуот хизмати






