15 июль куни Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази биносида 2019 йилнинг ўтган олти ой якунлари бўйича қўшинларда ўтказилган ҳуқуқий тартиботга оидпрофилактик тадбирлар ҳамда бу соҳада келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишга Нукус ҳарбий прокурори адлия полковниги Баҳодир Ҳудойбердиев раислик қилди. Унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги ҳамда ҳарбий қисм командирлари ва муассасалар бошлиқлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлигига қарашли ҳудудий бўлинмалар мансабдор шахслари иштирок этди.
Тадбир давомида қўшинларда ҳарбий интизом ҳолати таҳлил қилиниб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучлар фахрийларининг мурожаатларини ўрганиш ҳамда муаммоли масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматни ўташда хавфсиз ва қулай шароитларни яратиш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Мутасаддилар ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда улар ўртасида соғлом рақобатбардош муҳитни шакллантиришда ҳуқуқ-тартибот орган ходимлари билан ҳамкорликда ўтказиладиган профилактик тадбирларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди.
Йиғилиш якунида олти ойлик ҳисобот маълумотлари ҳамда жорий йилнинг иккинчи ярми учун режалаштирилган тадбирлар бўйича кенгаш қарори қабул қилинди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати






