Эрон ҳукумати хорижий давлатга тегишли бўлган танкернинг қўлга олиниш жараёни акс этга видео тасвирларни намойиш этди, дея хабар берди Риа.ру нашри.
Расмий Теҳроннинг таъкидлашича, танкер контрабанда ёқилғи олиб кетаётган бўлган. Қўлга олиш операцияси Ормуз бўғозида Ларак ороли яқинида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан амалга оширилган. Ҳозирча Теҳрон танкер қайси давлатга тегишли эканини маълум қилмаган. Бироқ видео тасвирларда нефть танкери номи Riah эканини кўриш мумкин. Бу якшанба куни йўқолиб қолган Бирлашган Араб Амирликларига тегишли бўлган танкердир. Унинг бортида 12 нафар денгизчи борлиги аввал хабар қилинган эди. Вашингтон Теҳронни минтақада кемаларнинг хавфсиз ҳаракатланиш қоидаларини бузаётганликда айблаб, дарҳол танкерни озод қилишни талаб этди. Мазкур воқеалар фонида АҚШнинг Boxer ҳарбий кемаси айнан Ормуз бўғозида Эронга тегишли учувчисиз қурилмани уриб туширди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари Дональд Трамп маълум қилди. Унинг айтишича, учувчисиз қурилма бир неча маротаба огоҳлантиришларга қарамасдан, кема ва унинг экипажи учун хавфли бўлган масофага қадар яқинлашган шундан сўнг унга қарата ўт очилган. Ҳозирда Эрон томони ушбу хабарни тасдиқламади. Мамлакат ташқи ишлар вазири Жавдад Зариф ушбу маълумот ўрганилаётгани таъкидлади.