1

​Мажлис (Ҳажвия)

МУТОЛАА 11.09.2019, 19:27
​Мажлис (Ҳажвия)

Ҳаллослаганимча залга кириб келсам ҳали мажлис бошланмабди. Зал тўла одам. Мажлис кичик эмас, трестимизнинг йиллик фаолияти муҳокама қилинади. Уни шахсан Сомон Сомоновичнинг ўзлари ўтказадилар.

- Соат неча бўлди? - деди орқа қаторда ўтирган, новчадан келган йигит.

“Тўққиз” – деди кимдир.

Айтилган вақт бўлди, Сомон Сомонович нега келмаяпти?

- У ҳали юқорига мажлисга кетиб қолган бўлмасин тағин, - деди муҳандисимиз.

- Эй қўйсанг-чи, мажлис чақириб мажлисга кетадими хумпар?!

Залда ғала-ғовурдан бир-бировнинг гапини эшитиб бўлмасди. Шу орада ҳайъат столига гул қўйиб кетишди. Ёш йигит эса микрофонни ўрнатиб, уч марта «бир-икки» деб пуфлади.

- Ҳозир келармиш, - деди кимдир. Идора олдида телефонда гаплашаётганмиш.

- Келмаса, яна яхши, - деди ёнида ўтирганлардан бири. - Мажлисдафойдали гап бўлмайди.

Нега ундай дейсиз? - дедим.

- Эски тос, эски ҳаммом, - деди мен томонга ўгрилиб. Ҳар галгидек Мамарасуловга маъруза қилдиради. Юмшоқбоевни танқид қилади. Шунинг билан мажлис тамомда. Қарори ҳам қабул қилинмайди.

- Қарори йўқ мажлис худди икки кишининг ҳангомасига ўхшайди, - деди яна муҳандисимиз.

- Қарорни нима қиласан, Сомон Сомоновичнинг «ҳар бир сўзи» дастури ҳикмат-ку!

– Муҳандисимиз соткасига қараб соат ўн ярим бўлибди, деди. - Бошлиқдан ҳали дарак йўқ. Мажлис ҳозир бошлансаям анча чўзилади. Эшик ёнига бориб ўтирайлик. Чиқиб кетиш осон.

Эшикда ўрин қолмаган. «Олғир»лар аллақачон эгаллаб олишибди.

Бирдан залда яна ғала-ғовур кўтарилди. Бошлиқ Қудрат Қувватовични кутиб турганмиш.

- Ким экан-у, Қудрат Қувватович?

- «Гулзор» Қурилиш трестининг бошлиғи. Бизнинг тажрибамизни ўрганишга келаётганмиш.

- Мажлис тажриба мактаби эканми?

Шу пайт залда жонланиш бошланди. Нима гап экан деб у ёқ-бу ёққа қарадик. Қудрат Қувватович келибди. Ҳозир Сомон Сомонович ёнида эканлар. Кимдир яна соат сўради:

- Ўн икки.

– Агар ҳозир мажлис бошланса нақ соат иккида тугаса-ям зўр бўларди, - деди муҳандис. Уни эшитиб турган олд қатордаги йигит:

- Унда ошқозоннинг«ғулдураши» «Учқўрғонга» етаркан-да, - деди.

Кимдир кетмоқчи бўлиб эшик томон юрувди. Мамарасулов томонидан орқага қайтарилди. Бирдан залда «янгилик» пайдо бўлди. Сомон Сомонович билан Қудрат Қувватович йўлда келаётганмиш. Қаҳва ичиб сал ушланибдилар. Қаҳва сўзини эшитганларнинг ошқозонида қандайдир ўзгариш пайдо бўлдими? Биров конфет еса, кимдир сақич чайнай бошлади.

Шу пайт телевидение операторлари биз ўтирган қаторга келиб «тушириб олайлик, бир қарсак чалиб юборинглар» деди. Қарсак чалувдик бошқалар қўшилиб, Сомон Сомонович келганга ўхшайди деб эшик томонга қарашди.

Беш дақиқа ўтар-ўтмас Сомон Сомонович билан Қудрат Қувватович кириб келдилар.

- Узр-узр, - деди Сомон Сомонович. – Ушланиб қолдик. Биламан кўп ўтириб қолдинглар. Тезда тугатамиз, - сўзни ўринбосари Мамарасуловга бераркан, у маърузасини бошларкан, у ер-бу ердан хуррак овозлари эшитила бошлади. Кимдир туш кўрди, шекилли, қаттиқ овоз чиқариб сесканиб кетди.

- Ким у? – деди газета варақлаб ўтирган Сомон Сомонович кўзидан ойнагини оларкан...

Ниҳоят Мамарасулов маърузасини тугатди. Энди минбарга касаба уюшмаси раиси Юмшоқбоев кўтарилди. Маъруза Сомон Сомоновга ёқмадими, уни тўхтатиб саволга тутди. Жавоб «қаноатлантирмади» Юмшоқбоевни койишга тушаётган эди, «Баҳор» ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш корхонаси бошлиғи Тозабоев қичқирди:

– Тирикми, олиб чиқинг?! Доктор чақиринглар!

Шу билан мажлис тугади. Ташқарига отилиб чиқдик. Кимдир:

–Оҳ, нақадар тоза ҳаво! – деди.

Кимдир Тозабоевга «раҳмат» денглар, – деди. – Агар у йиқилмаганида…

Б.ЖУМАНИЁЗОВ.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1