Инсон қалбига йўл меҳр-мурувват ва саховатдан бошланади. Минг йиллар давомида шаклланган меҳр-оқибат, меҳр-мурувват тушунчалари асрлар мобайнида эл-юртимизнинг дунёқараши, маънавий ҳаётининг негизи сифатида вужудга келган, онгимиздан чуқур жой олган буюк қадриятларнинг амалий ифодасидир. Етим-есирлар, бева-бечоралар ва ногиронларга, мусофирларга мурувват кўрсатиш, сидқидилдан беғараз ёрдам бериш каби фазилатлар азалдан маънавий онгимизга сингиб кетган.
Ҳозирги кунда юртимизда Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду-ташвишларини эшитиш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш умуммиллий ҳаракатга айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда ўтказилган сайёр ўқув йиғинлари доирасида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш анъанага айланди.
– Турмуш ўртоғим 20 йил олдин вафот этган, 1 нафар ўғил, 2 нафар қизни ёлғиз ўзим оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказиб, ўғлимни уйлантирдим, қизларни турмушга узатдим, – дейди Конимех тумани Наврўз маҳалласида яшовчи, 1963 йилда туғилган Сангимо Узакова. – Ҳаёт бир маромда ўтмас экан, келиним бир йил олдин қазо қилди, 2 нафар невараларим етим қолди, уни устига кенжа қизим ҳам куёвим билан ажрашиб, 2 нафар фарзанди билан менинг қарамоғимда қолди. Оиламиз қийналганида қўни-қўшниларим, маҳалла фаоллари доимо хабар олишиб турибди, яқинда маҳалла фаоллари ўғлимни ишга жойлаштирди. Оиламиздан хабар олиш учун пойтахтимиздан келган ИИВ Малака ошириш институти ходимларига миннатдорчилик билдираман.
Узоқ йиллар мобайнида ички ишлар органида хизмат қилган, бугунги кунда Нурота тумани “Эшон Сиддиқ” маҳалласида истиқомат қилаётган меҳнат фахрийси, истеъфодаги катта лейтенант Хамро Бозоровнинг хонадонида у билан ўтказилган суҳбатда 30 йилдан ортиқ Тошкент шаҳар ИИББ тизимида турли лавозимларда ишлаб, 1999 йилда нафақа чиққанлиги маълум бўлди.
– Қани ёшлик даврим қайтиб келса-ю, маза қилиб ишласанг, – дейди у. Мен узоқ йиллар профилактика инспектори лавозимида ишлаганман, биз ишлаган пайтлар ҳозиргидек шароитлар йўқ эди. Бугунги кунда профилактика инспекторларига ўзлари хизмат қилаётган маҳалладан хизмат уйлари ажратилиб, оиласи билан яшаши, узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида автомашиналарнинг берилиши бизнинг тушимизга ҳам кирмаган. Шу боисдан, айни пайтда тизимда хизмат қилаётган профилактика инспекторлари халқнинг ичига кириб, Юртбошимиз айтганларидек, уларнинг ишончини қозониши лозим, бугун уларга ҳамма шароитлар яратилган.
– Турмуш ўртоғим мана 20 йилдан бери нафақада, 1 йил олдин “инсульт”ни бошдан кечириб, чап оёғи ва қўли ишламай қолди, шифокорларимизга раҳмат, даволашди, – дейди Хамро Бозоровнинг турмуш ўртоғи Муслима Бозорова. – Ҳозирги кунда ҳассага таяниб, ўзи аста-секинлик билан юра бошлади. Туман ИИБ ходимлари ҳар байрамда келиб табриклаб, хабар олиб туришади. Мана бугун ҳам уйда неварамиз билан ўтирган эдик, бир қатор ходимлар келишди, кейин билсам улар ИИВ Малака ошириш институти ходимлари экан. Оиламиз, айниқса, турмуш ўртоғим жуда хурсанд бўлиб кетиб, ўрнидан турганини ҳам билмай қолди, улар суҳбатлашиб, ишлаган вақтларини эсга олишди, уларга юрт олиб бораётган эзгу ишларга улкан зафарлар тилаб қоламан.
– Узоқ йиллар фермер хўжалигида ишладим, турмуш ўртоғи билан бир йил яшаганимдан кейин ундан ажраб қолдим, – дейди Навбаҳор тумани “Арабхона” қишлоғида яшовчи, 1958 йилда туғилган Халима Аҳмедова. – Бугунги кунда касаллигим туфайли 2-гуруҳ ногирониман, ўғлим ҳам касалманд, уни ҳали уйлантирмадим, уйимиз эскириб қолган, янги
3 хонали уй қурдик, қўшниларим ўз ёрдамларини аямади, уларга раҳмат. Худо хоҳласа ўғлимни уйлантираман, пойтахтдан келиб, оиламиздан хабар олганларинг учун Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Дарҳақиқат, бирор кишига ёрдам бериш учун меҳрибон бўлишнинг ўзи етарли. Инсон ҳаво ва сувсиз яшаб бўлмаганидек, меҳр-мурувватсиз ҳам яшаб бўлмайди.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати