1

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқандда «ўлади»га чиқарилган чақалоқ воқеасига муносабат билдирди

САЛОМАТЛИК 28.09.2019, 18:31
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқандда «ўлади»га чиқарилган чақалоқ воқеасига муносабат билдирди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанддаги туғруқхонада янги туғилган чақалоқ 4 кун оч қолиб, томирига укол қилиниб, ҳатто игнаси ҳам олинмасдан уйига жавоб бериб юборилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди. Маълум бўлишича, воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилган, ўрганиш ишлари олиб борилиб, қуйидагилар аниқланган.

Қайд қилинишича, 16 сентябрь куни тахминан соат 12:40 атрофида Самарқанд давлат тиббиёт институти 1-клиникасининг туғруқ бўлимига Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманидан 1996 йилда туғилган М.А қориннинг пастки қисмида, олдинги операциядан кейинги чандиқ соҳасидаги кучли оғриқ ва туғруқ дарди билан шошилинч мурожаат билан келган.

Ҳомиладор аёлнинг биринчи туғруқ жараёни 2017 йил Қашқадарё вилояти туғруқ комплексида жарроҳлик (кесарча кесиш) йўли билан амалга оширилган бўлган. Бундан ташқари, М.А Самарқанд вилоятидан рўйхатдан ўтмаганлиги, унинг ҳомиладорлик даври Қашқадарё вилоятида ўтганлиги боис ҳомила даври, скрининг текширувлари ҳомиладорлик варақасида кўрсатилмаган. Бу эса шифокорларга маълум маънода қийинчилик туғдирган.

М.А Самарқанд давлат тиббиёт институти 1-клиникасининг туғруқ комплексига шошилинч равишда қабул қилиниб, тўлиқ тегишли тиббий текширувлардан ўтказилган. Унга иккинчи ҳомиладорлик, ҳомила 38-39 ҳафталик, бачадонда кесарча кесиш операциясидан кейинги чандиқ носозлиги, анемиянинг енгил даражаси каби ташхислар қўйилган. М.Ага 16 сентябрь куни соат 13:25 да шошилинч равишда кесарча кесиш операцияси ўтказилиб, жинси қиз тирик ҳомила олинган.

Чақалоқ туғилганидан сўнг 2 соат давомида врачлар назоратида бўлган, кузатув давомида чақалоқнинг оғиз-бурун атрофида кўкариш аломатлари бўлганлиги ва туғруқхона шароитида кислород терапияси ўтказилишига қарамасдан кўкариш аломатлари кучайганлиги сабабли тўлиқ тиббий текширувлардан ўтказиш мақсадида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг неонатал реанимация бўлимига юборилган. Марказда барча лаборатор ва инструментал диагностик текширувлари (юракни эхокардиографияси, кўкрак қафаси обзор рентгенографияси, бош мия нейросонографияси) ўтказилган.

Марказнинг малакали мутахассислари, жумладан, болалар кардиожарроҳи томонидан ўтказилган диагностик текширувлар чақалоқда туғма юрак нуқсони, атриовентирикуляр коммуникацияси, ягона қоринча (уч камерали юрак), ўпка артериясининг атрезияси, юракнинг меъёрдаги чегараларидан катталашиши тасдиқланган.

Шундан сўнг, марказ мутахассислари чақалоқнинг ота-онасига гўдакда туғма юрак нуқсони ва бошқа нуқсонлар борлиги, унинг аҳволи оғирлиги тўғрисида тушунтирган. Бемор чақалоққа комплекс реанимацион даволаш муолажалари давом эттирилишига қарамасдан ижобий ўзгариш кузатилмаганидан сўнг ота-онаси тилхат асосида чақалоқни уйига олиб кетишган.

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазкур хабарнинг икки жиҳатига алоҳида эътибор қаратишни лозим топдик. Биринчидан, хабарда болага укол қилиниб, нинаси олинмаганлиги иддао қилинган. Ваҳоланки, чақалоқнинг қон томиридаги нина эмас, балки томир катетери бўлган.
Тиббиётда катетер айнан бола муолажаларда қийналмаслиги учун ҳам фойдаланилади. Асосийси, катетер фақатгина малакали мутахассислар томонидан ўрнатилиши мумкинлиги ва ушбу катетер даво муолажаларини давом эттириш учун жуда қулай ҳамда чақалоққа салбий таъсир кўрсатмаслигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Иккинчидан, хабарда чақалоқ шифохонада бўлган даврида бирор маротаба онасига кўрсатилмаганлиги, эмизилмаганлиги сабабли бола оч қолдирилганлиги айтилмоқда. Аслида эса чақалоқ мунтазам кислород остида бўлгани ва санитария талабларидан келиб чиқиб реанимация тозалиги ва тиббий талабларга риоя қилиш мақсадида яқинларига кўрсатиш имкони бўлмаган. Аммо чақалоққа ҳар икки соатда зонт орқали сунъий озиқа бериб борилган.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, вена қон томирига қўйилган томир катетери беморда сақланган ҳолда уйга жавоб бериб юборилганлиги шифокорларнинг чақалоқ қисқа фурсатларда нобуд бўлиши мумкин, деган фикрда эмас, аксинча гўдакни даволаш ишлари давом эттирилиши учун қолдирилганлигини билдиради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1