Вазирлар Маҳкамасининг “Туризм фидойиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5781-сонли фармони билан Туризм соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “Туризм фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилган.
“Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг буюртмасига асосан Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини белгиланган тартибда тайёрланишини таъминлайди.
“Туризм фидойиси” кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши инобатга олинади.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Туризм фидойиси” кўкрак нишонини Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшгани учун давлат органлари, жамоат ташкилотлари, хусусий сектор, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошларга “Бутунжаҳон туризм куни” – 27 сентябрда бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
“Туризм фидойиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низомга кўра, кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантиришга ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ходимлари, жамоат ташкилотлари, хусусий сектор, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар хизматлари ва фаол тарғибот ишлари учун тақдирланадилар.
Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
Маҳаллий даражадаги давлат органлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва хусусий сектор корхоналари ҳар йили 1 августга қадар ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни тегишлича Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этади.
Республика даражасидаги давлат органлари, хориждаги дипломатик ваколатхоналар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва ташкилотлар ҳар йили 1 августга қадар ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига тақдим этади.
Номзод бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзоднинг объективка-маълумотномаси, сўнгги уч йил давомида у томонидан туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар тақдим этилади.
Қўмитанинг ҳудудий бўлинмалари томонидан номзодлар бўйича тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилади ва номзодлар юзасидан хулосалар ҳар йили 20 августга қадар Қўмитага тақдим этилади.
Қўмитанинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари раҳбарлари ўз ташаббусига кўра ҳам номзодлар тўғрисида ҳар йили 20 августга қадар Қўмитага таклиф киритиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилади.
Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 15 сентябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса чиқарилади.
Комиссия томонидан номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашда қуйидагилар инобатга олинади:
хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш ва кенг аудитория ўртасида мамлакатимиз туризм салоҳиятини тарғиб этишдаги фаоллиги;
замонавий туризм маҳсулотлари ва инновацион ечимга эга хизматларни яратиш бўйича самарали фаолиятни амалга оширганлиги;
Ўзбекистонда туризм соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган хорижий инвестицияларни жалб этишдаги самарали фаолияти;
етакчи хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш ҳамда мамлакатда туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг оммага етказишга қаратилган материаллар сони ва оммалашганлиги;
туризм соҳасидаги давлат дастурлари, ҳудудий ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда фаол иштирок этганлиги;
туризмнинг алоҳида турларини ривожлантириш ва туризм йўналишлари жозибадорлигини оширишдаги фаоллиги;
туристларга кўрсатиладиган хизмат турларини кўпайтириш ҳамда хизматлар сифатини яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатлари;
туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги самарали фаолияти;
туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширганлиги;
маданий мерос объектларини сақлаш, ривожлантириш ва тарғиб қилишда фаол иштирок этганлиги;
туризм ва сервис соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлашда кўп йиллик тажрибага эгалиги, устоз-шогирд анъаналарини жорий этганлиги, маҳаллий ва халқаро халқаро грант лойиҳаларида фаол қатнашганлиги;
туризм соҳасини ривожлантириш истиқболлари ва мавжуд муаммоларни чуқур илмий таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган таклиф, янгилик ва ишланмаларининг долзарблиги ва амалиётга жорий этилганлиги;
туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш ва янги туризм йўналишларини ташкил этиш борасидаги самарали фаолияти;
туризм инфратузилмаси объектларида санитар-гигиеник ҳолатни яхшилаш ишларига катта ҳисса қўшганлиги;
туризм ва унга ёндош соҳаларда муваффақиятли тадбиркорлик фаолиятини олиб бориб, самарали давлат-хусусий сектор шериклиги лойиҳаларини амалга оширганлиги;
Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш йўналишидаги ҳиссаси;
туризм соҳасида Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ва алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича самарали фаолияти ва бошқалар.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўз ташаббуси билан ҳам кўкрак нишони билан тақдирлаши мумкин.