АсосийSiyosat

Россия делегациясининг юртимизга ташрифи Бухорога сайёҳат билан якунланди

'Россия делегациясининг юртимизга ташрифи Бухорога сайёҳат билан якунланди'ning rasmi

Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко бошчилигидаги делегация 2019 йил 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ҳамроҳлигида Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Делегация аъзолари Хўжа Баҳоуддин Нақшбандий мажмуасига ташриф буюрди. Ушбу маскан мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳи эканлиги қайд этилди. Маълумки, Нақшбандий буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурнинг маънавий устози бўлган. У одамларни камтарликка чақирган.

Шундан сўнг делегация аъзолари кўп асрли тарихга эга жаҳонга машҳур меъморий ёдгорликларни ўзида мужассамлаштирган Бухоронинг тарихий марказига ташриф буюрди. Бухоронинг ушбу қисми 1993 йил ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган. Бу ерда катта ҳовуз атрофига Нодир Девонбеги мадрасаси ва хоноқоси қурилган, шунингдек ёнида Кўкалдош мадрасаси қад кўтарган.

Мартабали меҳмон бетакрор меъморий тузилиши ҳамда ўзгача мафтункорлиги билан ажралиб турадиган Пойи Калон мажмуасига ташриф буюрди. Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда миллий маданий ва маънавий меросимизни, тарихий обидаларимизни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, мазкур мажмуа Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан тўлиқ реконструкция қилинди. Масжиди Калон, Минораи Калон ва Мир Араб мадрасалари каби меъморий ёдгорликлардан иборат меъморий ансамбль меҳмонларда катта таассурот уйғотди.

Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрига ташрифидан мамнунлигини билдирди. Шаҳарнинг тарихий ёдгорликлари ўзбек халқининг бой маданий мероси, миллий меъморий санъати ёрқин намунаси эканлиги таъкидланди.

Ташриф чоғида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

Жумладан, мартабали меҳмон ташриф натижаларидан қониққанлигини, Ўзбекистон парламенти аъзолари билан музокаралар ўтказилганлигини, келишувларга эришилганлигини қайд этди.

“Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда юз бераётган ижобий ўзгаришлар менда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқ, демократик давлат барпо этилмоқда, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган жиддий ислоҳотлар олиб борилмоқда”, – деди мартабали меҳмон.

Шу куннинг ўзида Россия Федерацияси делегацияси Москва шаҳрига жўнаб кетди.

    Бошқа янгиликлар