Ўзбекистон Республикаси Президенти “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарор имзолади.
Қарор жамоатчилик фикрини таҳлил этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш асосида бошқарув қарорлари қабул қилинишини сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ ишлаб чиқувчи-ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш натижалари Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кўриб чиқиш учун) киритилади, бунда, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийдир.
Қарорга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан 3 бараваригача, вилоят нодавлат нотижорат ташкилотлари учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилсин.
2020 йил 1 январдан бошлаб фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгилансин.






