Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашларининг қўшма қарорига биноан ишлаб чиқилган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги низомга кўра, тўйхона, кафе ва ресторанларда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишга ҳам маълум бир талаблар қўйилди.
Тўйхона эгалари қуйдагиларга амал қилишга мажбур:
- тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар иштирокчилари сонига, уларни ўтказиш вақтига қатъий риоя этиш;
- атрофда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини ҳамда маиший шовқинга қарши кураш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузмаслик;
- озиқ-овқат маҳсулотлари сифат сертификати талаблари даражасида бўлиши ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш лозим.
Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 ва ундан ортиқ шахс иштирокида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади. Шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ва хизмат тури, тўлов, харажатлар миқдори, тадбир иштирокчилари сони, муддати ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талаблар кўрсатилади.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.
Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилаётганда хавфсизлик чораларини таъминлаши шарт.






