Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида Обизаранг сел сув омборини қуриш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Қарор лойиҳасига кўра, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, суғориладиган ер майдонларининг сув таъминотини яхшилаш, сел-тошқин сувларининг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Обизаранг сел сув омбори қурилади.
Бош лойиҳа ташкилоти — «Ўзсувлойиҳа» АЖ томонидан 13,15 миллион куб метр ҳажмдаги мазкур сел сув омборини қуриш лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари ишлаб чиқилган.
Лойиҳани амалга ошириш муддати 2023 йил 30 апрель этиб белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу қарор лойиҳаси 30 сентябрь куни порталга жойлаштирилган. Таклиф ва мулоҳазаларингиз 15 октябргача ёзиб қолдиришингиз мумкин.






