1

Гўшт қимматлигига ким айбдор? (Фельетон)

МУТОЛАА 11.10.2019, 15:34
Теглар: гўшт, қиммат
Гўшт қимматлигига ким айбдор? (Фельетон)

Хотини Абдужабборга деди:

- Гўшт тугаганига бир ҳафта бўлди. Қозонга бир тишлам гўшт солмасангиз, овқат овқатга ўхшамайди.

- Яқинда икки кило гўшт келтириб берган эдим-ку. Дарров тугадими? Гўштга қараганда қўлингни баракаси очилади. Сал-пал қараб ишлатсанг бўлмайдими, – деди Абдужаббор.

- Гўштни ўзингиз ўлчаб бера қолинг, – деди хотини жаҳли чиқиб.

- Ота-боболаримиз ҳам доимо гўшт емаган-ку. Гўштсиз қанча таом пиширишни ихтиро қилишган. Сен ҳам ошқовоқ, лавлаги, ловия, тухум ишлатиб овқат пиширгин. Витамини ҳам ўзида. Ундан ташқари гўшт кам есанг, қаримайсан. Қара, гўштни баҳоси ҳам осмонга чиқиб кетди. Эллик минг сўм-а. Шўро ҳукумати замонида бу пулга бешта енгил автомашина берарди.

- Менга “лексия” ўқимасдан гўшт олиб келинг.

- Қассобларнинг нафси ҳам ҳакалак отиб кетди, – деди Абдужаббор. – Кун сайин гўшт нархини оширадилар. Битта молни сўйиб, бир миллион сўм фойда қолдирмасалар, қўлларига пичоқ олишмайди.

- Боринг, бу гапларни қассобга айтасиз, – деди хотини.

Абдужабборнинг гўшт дўконига келиб жон-пони чиқиб кетди:

- Эллик беш минг сўм, дейсанми? Яқинда эллик мингдан сотаётган эдиларинг-ку.

- Анча вақтдан бери гўшт олмаганга ўхшайсиз-а, – деди қассоб. – эллик беш мингга чиққанига ўн беш кун бўлди.

- Сизларда инсоф қолмаган ўзи. Пичоғим мой устида, деб нархни ошираверасанлар. 

- Нарх ошишига мен айбдор эмасман,– деди қассоб. – Менга молини қиммат сотган одам айбдор. Ўшани ёнига борақолинг!

- Мени сираям айбим йўқ,– деди қассобга мол сотган одам. – Емнинг баҳосини ошириб юбордилар. Емлар ҳам сифатсиз. Бу ем билан мол семиртириш қийин. Гўшт нархининг ошишига ем сотаётган дўкончилар айбдор.

- Менинг унга заррача алоқам йўқ, – деди ем сотувчи. – Заводдан емни қиммат нархда олаяпмиз. Айбдорларни ем ишлаб чиқараётган заводдан ахтаринг!

- Емни қиммат сотаётганимиз рост, – деди завод мутасаддиси. – Сабаби хом-ашёси қиммат, бунинг устига янги солиқ чиқди. Электр энергияси нархи ҳам ошди. Ишчиларнинг ойлигини кўтардик. Биз зарар ҳисобига ем сотсак, банкрот бўламиз. Яхшиси айбдорни ем озуқасини етиштирувчи фермерлардан изланг!

- Бизнинг гўшт нархи ошишида мутлақо айбимиз йўқ, – деди фермер. – Озуқа етиштириш ўта қимматга тушмоқда. Ёқилғи нархи кўтарилди. Ўғитнинг нархи икки баравар ошди. Ишчиларга кўнгилдагидек ҳақ бермасангиз, фермерга келишмайди. Устига-устак сув ҳам кам бўлиб қолди. Асосий айбдор мироблар. Сув берса ҳосилимиз мўл бўлармиди.

- Менинг мутлақо айбим йўқ, – деди мироб.  Сувнинг оз-кўп бўлиши менга боғлиқ эмас. У худога боғлиқ. Худо берса, сув кўп бўлади. Бермаса...

Абдужаббор яна қассоб ҳузурига келди:

-Айбдорни топдингизми, – деди қассоб гўштларни ажратаркан.

-Йўқ, – деди Абдужаббор. – Гўштнинг борига шукур! Бир кило торт!

Барди ЖУМАНИЁЗОВ.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1