1

Қандим газни қайта ишлаш мажмуасидаги завод тўлиқ қуриб битказилди

ИҚТИСОДИЁТ 18.10.2019, 11:48
Қандим газни қайта ишлаш мажмуасидаги  завод тўлиқ қуриб битказилди

2019 йил 17 октябрда Бухоро вилоятидаги Қандим газни қайта ишлаш мажмуасида газни қайта ишловчи завод тўлиқ қуриб битказилгани ва тегишли инфраструктура яратилиши муносабати билан Давлат қабул комиссиясининг ҳужжатни имзолаш маросими ўтказилди.

«ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани» МЧЖ томонидан Давлат қабул комиссиясига ҳар бирининг табиий газни йиллик қайта ишлаш қуввати 4,05 млрд. м3 га тенг бўлган иккита технологик тизимдан иборат газни қайта ишлаш заводи, маъмурий бино, таъмирлаш ҳудудлари ва завод қошидаги бошқа объектлар, 1150 кишига мўлжалланган алоҳида турар жой мажмуаси, умумий узунлиги 220 километр бўлган йиғув тизими иншоотлари, 71 та қудуқ, 285 километр автомобиль йўли, узунлиги 70 километрга тенг экспорт қувури, 55 километр узунликдаги сув таъминоти, 268 километр узунликдаги электр таъминоти тизимлари (ВЛ-220, ВЛ-35, ВЛ-10)дан иборат «Қандим конлар гуруҳида газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши ва ишга туширилиши» инвестиция лойиҳаси тўлиқ қуриб битказилиб, тақдим этилди. 

Давлат қабул комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Энергетика, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Фавқулодда вазиятлар, Қурилиш вазирликлари, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, Давлат энергетика назорати, Саноат хавфсизлиги бўйича давлат қўмитаси, “Ўздавнефтгазинспекция», Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, касаба уюшмалари ташкилотлари, Бухоро вилоят ҳокимлиги ва бошқа давлат ташкилотлари вакилларининг жами бўлиб 30 нафарга яқин вакили киритилган.

Маълумот учун: 2018 йил 19 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев, Россия Федерацияси Энергетика вазири А.Новак ва «ЛУКОЙЛ» ПАО президенти В.Алекперов иштирокида Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг тантанали очилиши бўлиб ўтганди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан “саҳродаги мўъжиза” дея юқори баҳоланган, замонавий муҳандислик ва транспорт инфратузилмасидан иборат ва умумий инвестицияси 3,5 млрд. долларга тенг Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси рекорд даражадаги қисқа муддатда қурилди ва лойиҳа муддатидан 8 ой аввал фойдаланишга топширилди. Заводнинг қуввати 8 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлашга мўлжалланган. Мажмуа газни водород сульфиддан тозалашга ва товар газ, барқарор газ конденсати ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Мазкур йирик кўламдаги газни қайта ишлаш мажмуасининг қурилиши, лойиҳалаш ва технологик ускуналарнинг етказиб берилиши «HyundaiEngineeringCo.,Ltd» ва «EnterEngineering PTE. Ltd» компанияларидан иборат консорциум томонидан амалга оширилди.


 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1