Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Ховос туман бўлими томонидан олиб борилган терговга қадар текширувда, “Гулистон пахта тозалаш” АЖ мансабдор шахслари, бош энергетиги А.Ҳ. ва бошқалар бир гуруҳ бўлиб, ўзларига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган жамиятнинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкларини талон-торож қилишганлиги фош этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маълум қилди.
Хусусан, жамият бош энергетиги А.Ҳ. ўзига ишониб топширилган 16 дона электродвигателларни талон-торож қилган бўлса, жамият мансабдор шахслари ва бошқалар томонидан ҳисобот ҳужжатларига ўтган йилги пахта териш мавсумида ҳақиқатда ташилмаган 86 тонна пахта хом ашёсини транспорт корхоналари томонидан ташилганлиги қўшиб ёзилиши натижасида, 95,6 млн. сўм ортиқча тўлов тўланган, шунингдек, “С.К.” хусусий корхонаси билан тузилган пудрат шартномасига асосан ҳақиқатда бажарилмаган қурилиш-монтаж ишлари учун 231,8 млн. сўм маблағларни ўтказиб берилиши оқибатида, жамиятнинг 539,9 млн. сўмлик мулклари талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан “Гулистон пахта тозалаш” АЖ мансабдор шахслари, бош энергетиги А.Ҳ. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлар ўтказилмоқда.






