Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бектемир тумани бўлими томонидан “E-P” МЧЖ фаолияти юзасидан олиб борилган терговга қадар текширувда, жамиятнинг мансабдор шахслари Миробод “Махсустранс” корхонаси мансабдор шахслари ва бошқалар билан ўзаро тил бириктириб, жамиятга кирим бўлган полимер труба ва бошқа маҳсулотларни гўёки яроқсиз ҳолатга келганлиги сабабли Миробод “Махсустранс” корхонасига топширилганлиги ҳақида сохта шартнома, солиштирма далолатнома ва бошқа ҳужжатларни тузишиб, аслида ушбу корхонага топширилмаган жами 7,013 млрд. сўмлик маҳсулотларни нақд пулга сотишиб, савдо тушумини банкка кирим қилмасдан, бюджетга тўланиши лозим бўлган 350,6 млн. сўм ягона солиқ тўловларини тўлашдан бўйин товлаганликлари аниқланган.
Ваҳоланки, корхона мансабдор шахсларига, бир ой муддат ичида ягона солиқ тўловларини бюджетга тўлаши лозимлиги тушунтирилиб, 23.07.2019 йилда расман огоҳлантирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан “E-P” МЧЖ мансабдор шахсларига, Миробод махсустранс корхонаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






