1

2014 йилда ёнғинлар сабаб 2 млрд. 767 млн. 625 минг сўм миқдорида зарар кўрилган

ЖАМИЯТ 10.01.2015, 10:24
2014 йилда ёнғинлар сабаб 2 млрд. 767 млн. 625 минг сўм миқдорида зарар кўрилган

Ёнғинлар билан боғлиқ таҳлиллар шуни кўрсатадики, офатнинг келиб чиқиш омиллари асосан эҳтиётсизлик туфайлидир. Хусусан, кунлар совиши билан аҳоли ўртасида иситиш мосламаларига бўлган эҳтиёж кескин ортади. 

Шу пайтда айрим фуқароларнинг носоз ва қўлбола  иситиш воситаларидан фойдаланишлари натижасида кўплаб ёнғинлар содир бўлмоқда.  Масалан, ўтган 2014 йилнинг январь ойида республика бўйича жами 1194 та ёнғин юз берган бўлса, шуларнинг 468 таси,  февраль ойида 1215 та ёнғиндан 540 таси, ноябрь ойида 1067 та ёнғиндан 297 таси, декабрь ойи­да эса 1770 та ёнғиндан 522 таси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш натижасида содир бўлган.

Афсусланарли томони шундаки, ушбу ёнғинлар оқибатида 2 млрд. 767 млн. 625 минг сўм миқдорида зарар кўрилган, 52 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 15 нафар киши ҳалок бўлган.

Мисол учун,  Сирдарё вилояти Сирдарё тумани А.Темур кўчасида яшаган ­Ж.Олимовнинг уйида қўлбола электр иситиш мосламасидан фойдаланиш оқибатида ёнғин содир бўлиб, 42 кв.м. майдонда уйнинг том қисми, шифти ва жиҳозлари ёниб зарарланган. Бахтсиз воқеа натижасида уй эгаси ва унинг 2000 йилда туғилган қизи  ҳалок бўлган, турмуш ўртоғи эса куйиш тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи М.Усмонов уйида иситиш мосламасини ёқиб, назоратсиз қолдириши натижасида ёнғин содир бўлган ва тутундан димиқиб вафот этган. Жиззах вилояти Зомин туманида яшовчи А.Абдураҳмонов уйида бир ярим ёшли бола беланган бешикни иситиш печига яқин масофада қўйиб, эътиборсиз қолдирган. Печнинг қаттиқ исиши бешикнинг ёниб кетишига сабаб бўлган. Натижада бола куйиш тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Бундан ташқари, фуқароларимизнинг газ асбоб-ускуналарини нотўғри ишлатишлари, техник қоидаларга риоя этмасликлари  ҳамда бошқа сабабларга кўра газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашлари содир бўлиб, ушбу кўнгилсиз ҳодисалардан инсонларнинг тан жароҳати олишлари ва ҳалок бўлиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. 2014 йилда республика ҳудудида газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашлари оқибатида 53 та ёнғин қайд этилиб, уларда 3 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 18 нафар фуқаро куйиш тан жароҳатини олган. Мисол учун, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида яшовчи С.Тўраевнинг уйидаги иситиш печидан газ сизиб чиқиши натижасида хонага табиий газ тўпланиб қолган. Уй эгасининг электр чироғини ёқиши натижасида газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашидан ёнғин содир бўлиб, хонадон аъзолари турли даражада куйиш тан жароҳати олишган.

Юз бераётган ёнғинлар инсонларнинг ҳаётига хавф солиши ва кўп машаққатлар эвазига бунёд этилган уй-жойлар, йиллаб тўплаган мол-мулкларнинг бир зумда ёниб кетишига олиб келмоқда. Шу боис, ҳар биримиз доимо огоҳ бўлишимиз, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишимиз лозим. Огоҳлик ҳам ободлик ва тараққиёт омили эканлигини унутмайлик.

манба: qishloqhayoti.uz

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1