"18-сентябрь куни Миробод туманида 12 ёшли мактаб ўқувчиси Миртемир Ш.нинг ёнига 31 ёшли Хусан М. келиб, зарур қўнғироқ учун унинг телефонини сўраган. Бола нотаниш кимсага ишониб, унга ёрдам бериш мақсадида унга "Samsung Galaxy A6" русумли телефонини берган. Хусан М. аввал ўзини телефон рақам тераётгандек тутиб, бир оз вақтдан сўнг воқеа жойидан яширинган. У ўғирланган телефонни сотиб, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган. Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси ("Фирибгарлик") бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Нотаниш кишиларга ёрдам берамоқчи бўлганингизда эҳтиёт бўлинг. Бегоналар қўлига шахсий буюмларингизни берманг. Агар сиздан қўнғироқ учун телефонингизни сўрашса, уни ҳеч кимга бермаслигингизни, аммо ёрдам беришингизни: телефон рақамини айтса, ўзингиз қўнғироқ қилиб, зарур хабарни етказиб қўйишингизни маълум қилинг. Фарзандларингизга ҳам шуни ўргатинг – чунки уларнинг ишонувчанлигидан фирибгарлар фойдаланиб қолишлари мумкин", - дея огоҳлантирди Тошкент шаҳар ИИББ.






