1

Саида Мирзиёева: “Қани ярим соат кўзингизни чирт юмиб яшаб кўринг”

ЖАМИЯТ 30.10.2019, 16:11
Саида Мирзиёева: “Қани ярим соат кўзингизни чирт юмиб яшаб кўринг”

Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Samarkand Half Marathon – илк халқаро хайрия марафонига бағишланган матбуот анжуманида Агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева ўз фикрларини билдирди: 

“Самарқанд ярим марафони жамиятда фаол яшаш тарзи ғоясини илгари суради ва маданиятнинг барча учун, шу жумладан, ногиронлиги бор инсонлар учун очиқлигини таъминлаш хайрли ғоясини қўллаб-қувватлайди. 

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу ташаббус тарафдори. Маълумки, бизнинг агентлик ҳам шу борада фаолият олиб боради. Жорий йилда биз “Кўнгил кўзи” лойиҳаси харитасини ишлаб чиқдик. У ногиронлиги бўлган инсонларни ижтимоий кўникмаси бўйича, кўзи ожиз ва яхши кўра олмайдиган инсонларни ўқув, бадиий, илмий ва бошқа адабиёт билан таъминлаш бўйича аниқ ҳаракатларни кўзда тутади. 

Инклюзив муҳитни яратишга доир хайрия лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга татбиқ этиш катта вазифадир. Бундай тадбирлар, дастурлар кўп бўлиши керак. 

Биз, шукрки кўрамиз, чекловсиз ҳаракат қилиш, ҳис этиш имкониятига эгамиз. Лекин орамизда шундай инсонлар борки, улар биз каби орзу қилади. Фақат фарқли жиҳати биз каби имкониятга эга эмас. Инклюзия – бу бутун жаҳонда илгари сурилаётган ижтимоий концепция. Унга кўра, саломатлигидан қатъи назар, жамиятдаги ҳар бир одамга моддий ва маънавий бойликлардан баҳраманд бўлиш ва ўзини намоён этишга имкон берилиши лозим. Самарқанд ярим марафони лойиҳасининг асосий мақсади ҳам шу. Биз бу тадбир орқали аввало жамоатчилик эътиборини маданият ва санъат объектларидаги инклюзивликка қаратмоқчимиз. Бежизга Самарқанд танланмади. Миллий, маданий, тарихий меросимизнинг катта қисми айнан шу ҳудудда жамланган. Бироқ бу маданий бойликлардан ҳамма ҳам фойдалана оладими ёки йўқ. Шунингдек, имконияти чекланган шахсларга қанчалик имконият яратилган. 

Ушбу лойиҳага тайёргарлик кўриш жараёнида маданият ва санъатни ривожлантириш фонди томонидан қатор тадқиқот ишлари олиб борилди. Бунда театрлар, музейлар, боғлар ва Тошкент шаҳридаги бошқа маданият муассасаларининг имконияти чекланган шахслар учун очиқлиги, уларда бундай инсонлар эътиборга олинган ёки олинмагани, шароитлар борлиги муаммоси ўрганилди. 

Сиз ҳозир кўзингизни юмиб, хонадан чиқиб, зинадан тушиб, автобусда юриб кўрингчи. Ярим соат кўзингизни чирт юмиб, яшаб кўринг. Баъзилар бор бир умр шундай яшашга мажбур. Шу боис, барчамизнинг мақсадимиз бир – мамлакатимизда яшовчи ҳамма инсонлар учун қулайлик яратиш, имконияти чекланганларни жамиятга тўлиқ ижтимоий интеграция бўлиш чорасини кўриш ва шарт-шароит яратиш”

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1