Олмалиқдаги спорт мактабида хизмат сафари ҳужжатларини сохталаштириш орқали ўзларининг шахсий пластик карталарига 87,2 млн. сўм маблағни ўзлаштирган лавозимдаги шахслар аниқланди. Бу ҳақида darakchi.uz’га Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Келтирилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Олмалиқ шаҳар бўлими томонидан Олмалиқ шаҳар Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директорининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилди.
Унда ушбу спорт мактаби директори ўринбосари У.Н. ва методисти Х.Р.лар хизмат сафари ҳужжатларини сохталаштириш орқали ўзларининг шахсий пластик карталарига 87,2 млн. сўм пулларни уяли алоқа телефонларига ўрнатилган “Payme” ва “Click” тўлов тизимлари орқали ўтказиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан У.Н. ва Х.Р.ларга нисбатан ЖКнинг 167 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.